Буюк Британияда олимлар коронавирус мутациялари ривожланишининг эҳтимолий сценарийларини тасвирлаб берди, ушбу сценарийлардан бири янги потенциал штаммдан ўлим даражаси 35 фоиз бўлиши мумкинлигини кўрсатади. Бу ҳақда Британия ҳукуматининг фавқулодда маслаҳатчилар гуруҳи (SAGЕ) ҳисоботида айтилган. Гуруҳга ҳукуматнинг бош илмий маслаҳатчиси Патрик Валланс ва Англиянинг бош санитария ходими Крис Уитти раислик қилади.

Фото: AP Photo

Ҳужжатда қуйидаги сценарийлар келтирилган:

  • инфекция юқтирганлар орасида касалликнинг оғир кечиши ва ўлимлар сонининг кўпайишига олиб келадиган янги SARS-CoV-2 штаммининг пайдо бўлиши,
  • коронавирусга қарши дорилар ва вакциналарга чидамли вариантларнинг пайдо бўлиши;
  • вируснинг одамдан одамга янада тез юқадиган, хавфлилик даражаси паст вариантлари пайдо бўлиши, яъни COVID-19 эндемик бўлиб қолади.

SAGЕ экспертларининг фикрича, биринчи сценарийдаги штаммнинг ўлим даражаси SARS-CoV (ўлим даражаси тахминан 10 фоиз) ёки MERS-CoV (тахминан 35 фоиз) каби бошқа зоонотик коронавируслар билан бир хил бўлиши мумкин.

SARS-CoV ноодатий пневмонияни келтириб чиқаради, MERS-CoV эса туялар гриппи деб аталади. Мутахассисларнинг фикрича бундай штаммнинг пайдо бўлиши «ҳақиқатан ҳам мумкин». Уларнинг сўзларига кўра, вакцинанинг қўшимча дозалари билан эмлаш, шунингдек коронавирус тарқалиши ва чет элдан янги штаммларнинг кириб келиши хавфини минималлаштириш йўли билан ушбу сценарийнинг олдини олиш мумкин.

SAGЕ аъзоларининг қайд этишича, иккинчи сценарий ҳам юз бериши мумкин. Оммавий вакцинациядан сўнг COVID-19 эндемик ҳолатга айланиши мумкин, аммо ишлаб чиқилган антитаналар ҳам ҳимоя қила олмайдиган янги штаммларнинг пайдо бўлишини истисно қилиб бўлмайди. Мутахассислар вакциналарни такомиллаштиришга чақирмоқда.

Сўнгги сценарийнинг содир бўлиши яқин келажакда эҳтимолдан йироқ, лекин узоқ муддатда мумкин, дейди олимлар. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) COVID-19 эндемик ҳолатга айланиши мумкинлиги ва уни бутунлай йўқ қилиб бўлмаслиги ҳақидаги фикрга қўшилади: декабрь ойида ЖССТ эксперти, профессор Дэвид Хейманн ушбу нуқтаи назарни билдириб ўтганди.

«Буюк Британия депутати Лейла Мораннинг сўзларига кўра, SAGE гуруҳининг хулосалари оддий ҳақиқатни кўрсатиб бермоқда —биз бу вирусни ҳали енгмаганмиз», — деб ёзади Daily Mail.

Лондон гигиена ва тропик тиббиёт мактаби эксперти, профессор Мартин Маккининг айтишича, Британия ҳукумати вируснинг янги варианти пайдо бўлмаслиги учун бор имкониятни, шу жумладан, янги авлод вакциналари ишлаб чиқишни қўллаб -қувватлаши лозим.