Бангладеш жанубидаги Кокс-Базар провинциясида кучли муссон ёмғирлари туфайли юзага келган тошқинлар 200 минг кишига зарар етказди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Фото: Anadolu Agency

Ёмғир оқибатида провинция бўйлаб содир бўлган тошқинлар ва кўчкилар 15 кишининг ҳаётига зомин бўлди. Мамлакатнинг 13 минг фуқароси вақтинчалик лагерларга кўчиб ўтди.

Сув тошқинлари Кокс-Базарда жойлашган қочоқ-роҳинжалар лагерига ҳам таъсир кўрсатди. Табиий офат сабабли олти нафар қочоқ роҳинжа ҳалок бўлди, 21 мингдан ортиқ одам яраланди.

Жанубий Кокс-Базар провинциясида 2017 йилда Мьянмада содир этилган геноциддан қочиб келган юз минглаб мусулмон роҳинжалар яшайди. Провинцияда дунёдаги энг катта қочоқлар лагерларидан бири жойлашган. «Тўрт йил ичида мен лагерларда бундай сув тошқини кўрмаганман», — деди ҳодисадан зарар кўрган қочқинлардан бири.

29 июлга ўтар кечаси Афғонистон шарқидаги Нуристон вилоятида кучли сув тошқини юз берганди, оқибатда 40 дан 150 нафаргача одам ҳалок бўлган. Вилоятнинг Мехердиш қишлоғи табиий офат натижасида тўлиқ вайрон бўлган. Таъкидланишича, ушбу ҳудуд «Толибон» назорати остида бўлиб, шу сабабли у ерга гуманитар ёрдам етказишнинг иложи бўлмаган.

Аввалроқ Европада сув тошқинлари туфайли 200 нафардан зиёд одам ҳалок бўлгани, Хитойда сув тошқини туфайли 100 минг киши эвакуация қилиниб, метрони сув босиши оқибатида 12 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабарлар берилганди.