Хоразмда тотализатор орқали ўзгаларнинг мол-мулкини қўлга киритган фуқарога жиноят иши қўзғатилди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.

Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Хоразм вилоят бошқармаси томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. Текширув давомида фуқаро Ж.М. интернет тармоғида асосий фаолияти таваккалчиликка асосланган онлайн платформа орқали фуқароларнинг пул маблағлари ва бошқа мол-мулкларини спорт ўйинларига пул тикиш йўли билан қўлга киритиб келгани аниқланган.

У шу орқали ўзи ва фарзандлари номига 4 та турар жой ва 3 та автотранспорт воситасини расмийлаштириб, жиноий фаолиятдан олинган даромадларини легаллаштирган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ Ўзбекистонда букмекерлик ва тотализатор фаолияти ҳали ҳам қонуний эмаслиги маълум қилинган эди.