Самарқанд вилояти Ургут туманида Lacetti йўл ёқасидаги уй деворига урилди, дея хабар бермоқда ЙҲХББ.

Қайд этилишича, 2021 йил 29 июль куни соат 16:40 ларда Ургут тумани ҳудудидан ўтувчи А377 Самарқанд–Айний автомобиль йўлининг 27-километрида Ургут тумани Мўминобод қишлоғида яшаган 1997 йилда туғилган ҳайдовчи ишончнома орқали Lacetti автомашинасида кетаётиб, бошқарувни йўқотган.

Машина шундан сўнг йўл четидаги уйга бориб урилган. Оқибатда ҳайдовчи ва унинг ёнида бўлган 2005 йилда туғилган йўловчи воқеа жойида вафот этган.

ЙТҲ сабаблари ўрганилганда ҳайдовчи аҳоли яшаш пунктида белгиланган тезликдан меъёридан ортиқ оширгани аниқланди.

Мазкур ҳолат юзасидан Ургут тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими томонидан дастлабки суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бундан аввал Андижонда Damas ва иккита Nexia иштирокида содир бўлган ЙТҲ оқибатида 26 ёшли йўловчи ҳалок бўлгани, Бухорода Nexia ағдарилди, ҳайдовчи ва йўловчи машина тагида қолгани ҳамда Ўзбекистонда январь—июнь ойларида содир бўлган ЙТҲлар оқибатида 954 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди.