Самарқанд шаҳрининг Шоҳизинда кўчасидаги хонадонда юз берган ёнғин қўшни уйга ҳам тарқалди. Бу ҳақда вилоят ФВБ матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, 26 июль куни соат 14:58 да Самарқанд шаҳар Шоҳизинда кўчасидаги 242-уйда ёнғин содир бўлаётгани тўғрисида ФВБга хабар берилган. Олинган хабарга асосан ёнғин жойига 5 та ёнғин қутқарув экипажи жалб этилган.

Ёнғин жойига биринчи экипаж соат 15:04 етиб борганда 5 та хонадоннинг, тахминан, 200 метр квадрат майдонда шифт ва том қисми ҳамда уй жиҳозлари ёнаётган бўлган.

Ёнғин кучли шамол натижасида тезда катта майдонга тарқалган. Тезкор ҳаракатлар натижасида ёнғин соат 15:39 да ўраб олиниб, соат 17:00 да ўчирилган.

Ҳодиса оқибатида жароҳат олганлар йўқ. Ёнғиннинг сабаби ва зарари аниқланмоқда.