Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 17 июль кунги мажлисида аҳолини коронавирусга қарши эмлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар суст бораётгани, ССВ ва соҳа мутахассислари томонидан эмлашнинг ижобий самараси ҳақида аҳолининг кенг қатламлари орасида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш қониқарсиз аҳволда эканлиги қайд этилиб, эмлаш пунктларида етарли даражада шарт-шароитлар яратилмагани депутатлар томонидан танқид қилинди.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоиловнинг маълум қилишича, мажлисда Республика махсус комиссиясига кенг жамоатчилик билан бевосита мулоқотга киришадиган аҳоли қатламини эмлаш ишларини мумкин қадар тезлаштириш ва жадаллаштириш бўйича тавсиялар ҳам берилди.

Хусусан, карантин чораларини, шу жумладан, ўз ходимларининг эмланишини етарлича таъминлаган (жамоавий иммунитетга эришган), ташриф буюрувчи мижозларга нисбатан етарли талаблар ўрнатилган ҳолда хизмат кўрсатиш, умумий овқатланиш корхоналарига тааллуқли карантин чекловларини енгиллаштириш, яъни чекланган муддатдан (соат 20:00 гача) ташқари вақтларда ишлашга рухсат бериш амалиётини жорий қилиш таклиф қилинган.

Бундан ташқари, ўз вақтида ва ихтиёрий равишда эмланган ходимларни иш берувчилар томонидан рағбатлантириш, эмланишни асоссиз равишда рад этган ходимларга нисбатан эса меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган чораларни қўллаш амалиётини кенг жорий этишни тарғиб қилиш, эмланганларга нисбатан имтиёз олиш имкониятларини бериш (иш берувчи томонидан меҳнат фаолиятига «отгул» бериш, уларни моддий рағбатлантириш ва бошқалар), асоссиз равишда эмланмаган 18 ёшдан юқори фуқароларга айрим чекловлар ўрнатишни (спорт ўйингоҳлари, концерт, кино ва бошқа оммавий тадбирларга қўймаслик) жорий этиш масаласини кўриб чиқиш тавсия этилган.

Эслатиб ўтамиз, Республика махсус комиссиясининг қарори билан 2021 йилнинг 28 июнидан республика бўйича кўнгилочар объектлар — ресторан, тунги клублар, дискотека, караоке, бильярд заллари ва компьютер ўйинлари марказлари ҳамда умумий овқатланиш объектлари — кафе, ошхона ва чойхоналарнинг ишлашига соат 08:00 дан 20:00 гача рухсат берилган эди.

Ушбу чекловларга қўшимча киритилди ва 20 июлдан бошлаб умумий овқатланиш объектлари — ресторан, кафе, ошхона ва чойхоналарни соат 08:00 дан 20:00 гача фақатгина очиқ ҳавода ишлашига рухсат берилиши белгиланди.

Республика махсус комиссиясининг қарори билан, шунингдек, 2021 йил 1 сентябргача 18 ёшдан ошган 14 та тоифадаги фуқаролар коронавирусга қарши эмланиши шарт этиб белгиланди. Улар қаторида умумий овқатланиш корхоналари, хусусан, жамоат жойларида жойлашган тезкор овқатланиш шохобчалари, чойхоналар, тўйхоналар, кафелар ва ресторанлар ходимлари ҳам бор.