Фарғона вилоятида Жиноят ишлари бўйича Фарғона тумани суди қарори билан етти йил давомида фарзандининг моддий таъминотидан бўйин товлаб юрган фуқаро 15 суткага қамалди. Бу ҳақда «Дарё»га МИБ вилоят бошқармаси хабар берди.

Маълум бўлишича, Жиноят ишлари бўйича Фарғона тумани судининг 2014 йил 1 июлдаги қарорига кўра, Ш.А. турмуш ўртоғи М.А. фойдасига бир нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун ҳар ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадларининг учдан бир қисмидан кам бўлмаган миқдорда алимент тўлаши лозимлиги белгиланган.

Бироқ Ш.А. алимент тўлашдан бош тортиб юргани сабаб айни кунга қадар унинг мавжуд қарздорлиги 43 миллион 800 минг сўмга етган.

МИБ Фарғона туман бўлими томонидан фуқаро Ш.А. бир неча маротаба ўз вақтида фарзанди моддий таъминотини бажариши юзасидан огоҳлантирилган. Бироқ Ш.А. турли баҳоналар билан алимент тўламасдан, яшириниб юрган.

Қидирув инспекторлари томонидан олиб борилган тадбирлар натижасида қарздор ота 2021 йилнинг 12 июль куни ушланган. Ш.А.дан алимент қарздорлигини ундириш имкони бўлмагани сабабли унга нисбатан тўпланган ҳужжатлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга асосан, Жиноят ишлари бўйича Фарғона тумани судига юборилган.

Суд қарори билан қарздор отага нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғонада отасига алимент тўламаган ўғилга жиноят иши қўзғатилгани, Қашқадарёда эса ота фарзандларининг таъминоти учун 100 миллион сўм пулни олдиндан тўлаб бергани ҳақида хабар берилганди.