Наманган вилоятининг Косонсой туманида сел оқибатида жабрланганларни қидириш ва қутқариш ишлари давом этмоқда. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев хабар берди.

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Қидирув ишлари асосан Косонсой туманидаги гидроузелда олиб борилмоқда.

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Бу ерда ФВВ, Миллий гвардия, ички ишлар ходимлари ва кўнгиллилар 13 июль куни сел оқизиб кетган 7 яшар Муҳаммадюсуф Рустамовни қидирмоқда.

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Бугун тонгда унинг укаси — 6 ёшли Абубакр Рустамов дафн этилди.

Азимжон Аҳмаджонов.

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

«13 июль куни тонгда Косонсойга оиламиз аёлларини дам олгани олиб чиққандик. Соат 11.00 лар чамасида ўғилларим — Муҳаммадюсуф ва Абубакрни ҳам ўзим билан бирга олиб бордим. Тушлик қилиб бўлганимиздан сўнг улар сойга, сув бўйига тушиб кетишди. Бироз ўтган сўнг ўша томонда қий-чув, тўполон бўлиб кетди. Одамларни сел оқизиб кетди, дейишди. Кейин билсам, улар орасида ўғилларим ҳам бор экан. Абубакрни бугун дафн этиб келдик. Муҳаммадюсуфни қидиряпмиз, ҳали топилганича йўқ. Бу оиламиз, қариндош-уруғларимиз учун жуда катта мусибат бўлди, чунки ҳалок бўлган ва касалхоналарга мурожаат этганларнинг аксарияти бизнинг яқинларимиз», — дейди Наманган шаҳрида истиқомат қилувчи 30 ёшли ҳунарманд Азимжон Аҳмаджонов.

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Охирги маълумотларга кўра, Косонсой туманига сел ёпирилиши оқибатида жами 8 киши ҳалок бўлган. Уларнинг 7 нафари аёл, бир нафари ўғил бола бўлиб, энг каттаси 48, энг кичиги эса 6 ёшда эди.

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Ҳозирда 7 яшар Муҳаммадюсуф Рустамов қидирилмоқда.

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали мутахассисларининг маълум қилишича, селдан жабрланиб касалхоналарга жами 24 киши мурожаат қилган.

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Уларнинг барчасига тегишли ёрдам кўрсатилган ва уйларига рухсат берилган.