Олий суд раиси ўринбосари Икром Муслимов 9 июль, жума куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида айрим соҳаларда коррупцион жиноятларнинг сони камаймаётгани уларда хавотир уйғотаётганини айтди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар бермоқда.
«Суд амалиёти шуни кўрсатяптики, содир этилаётган коррупцион жиноятлар сони йилдан йилга камайиб бормоқда. Лекин айрим соҳаларда шу турдаги жиноятларнинг сони камаймаётгани ҳам бизда асосли хавотир уйғотмоқда.
Шундан келиб чиққан ҳолда, бугунги кунда судларимиз томонидан ҳам айнан коррупцион жиноятларга оид ишларни кўришда алоҳида ёндашув белгиланган. Бу тоифадаги ишларни кўриш, жазо амалиёти, қолаверса, жиноятларни квалификация қилиш билан боғлиқ масалалар вақти-вақти билан умумлаштирилиб, Олий суд пленуми қарори, Раёсат қарори билан судларга тегишли кўрсатмалар берилиб келиняпти.
Бугунги кунда жиноят содир этган шахслар ҳақида ахборот марказида электрон ахборотлар шакллантирилган. Айнан коррупцион жиноят содир этган шахсларга нисбатан электрон реестрни шакллантиришдан кўзланган мақсад шуки, бу очиқ бўлади ҳамда эртага коррупцион жинояти учун судланган шахс ўзининг судланганлигини яшириб, бошқа бир давлат органига ишга кириб қолишининг олдини олиш учун яратилаётган механизм», — деди Икром Муслимов .
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Олий суд раиси ўринбосари коррупцион жиноятларнинг аниқ рўйхати шакллантирилиши кутилаётгани ҳақида гапирган эди.
Изоҳ (0)