Фуқароларни Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти Бухоро филиалига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган шахс ҳамда унинг шериги ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент хабар берди.
Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ҳамда ДХХнинг Бухоро вилояти бошқармалари томонидан Миллий гвардия ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида муқаддам фирибгарлик ва бошқа жиноятлари учун судланган Ш.Ш. исмли шахс икки нафар фуқарони ваколатли танишлари орқали Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти Бухоро филиалига ўқишга киритиб қўйишга ваъда бергани аниқланган.
Хизмати эвазига у келишилган 4 минг долларни олган вақтида ушланган. Шунингдек, унинг кўрсатмаларига асосан давом этган тадбирда Ш.Ш.нинг У.Ж. исмли шериги ундан 4 минг долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Тошкентда вазирликда ишлашини айтиб, ўқишга киритиб қўйиш эвазига фуқародан 10 минг доллар олган шахс ушлангани, Чирчиқ давлат педагогика институтига ўқишга киритиб қўйиш учун икки кишидан 9 минг доллар олган яна бир шахс қўлга олингани, Қорақалпоқ давлат университетига ўқишга киритиб қўйиш учун 25 миллион сўм талаб қилган ассистент ушлангани тўғрисида хабар берилганди.
Мавзуга доир:
- Бухорода талабанинг ўқишини сиртқи бўлимга кўчириб бериш учун 500 доллар сўраган декан ўринбосари ушланди
- Сурхондарёда ўқишга киритиб қўйиш учун 4 минг доллар сўраган ўқитувчи ушланди
- Самарқандда Тошкент тиббиёт академиясига 7 минг долларга ўқишга киритиб қўймоқчи бўлган хусусий ўқув маркази раҳбари ушланди
Изоҳ (0)