Дунё ва ўзбек спортига оид 8 июль кунининг муҳим хабарлари дайжести билан танишинг.

Ўзбекистон

Футбол бўйича Ўзбекистон U-17 аёллар терма жамоаси CAFA U-17 Women's Championship 2021 мусобақаси ғолибига айланди. Сўнгги турда ўзбекистонлик қизлар Афғонистонга қарши баҳс олиб борди ва 8:0 ҳисобидаги ғалабани қўлга киритди. Шу тариқа Ўзбекистон гуруҳда 7 очко тўплаган ҳолда мусобақа ғолибига айланди.

Фото: ЎФА

ЎФА легионер футболчилар билан муаммога дуч келган қатор клубларга ёзги трансфер ойнасида чеклов ва тақиқлар қўйди. «Сурхон», «Нефтчи» ва «Шўртан» футбол клубларига 2021 йилги ёзги трансфер ойнасида легионер футболчиларни рўйхатдан ўтказиш бўйича тўлиқ чеклов жорий этилди.

«Андижон», «Насаф», «Турон», «Қизилқум», «Қўқон-1912», «Локомотив», «Машъал», «Металлург», «Сўғдиёна», «Навбаҳор», «Бунёдкор», «Бухоро», «Оқтепа», «Янгиер», «Хоразм», «Динамо» футбол клубларига эса мавжуд қарздорликни белгиланган муддатда бартараф этмагани учун 2021 йилнинг ёзги трансфер ойнаси учун легионер футболчиларни рўйхатдан ўтказиш бўйича тақиқ қўйилди. Мавжуд қарздорликни ёзги трансфер давомида тўлиқ бартараф этган клублар учун 31 июль санасига қадар янги футболчиларни рўйхатдан ўтказишга рухсат этилиши белгиланди.

Жаҳон

Евро—2020 нинг иккинчи ярим финал баҳслари бўлиб ўтди. Англия терма жамоаси қўшимча бўлимлардаги гол эвазига Данияни мағлуб этиб, иккинчи финалчига айланди. Италия ва Англия ўртасидаги финал баҳси Тошкент вақти билан 11 июль тунида бўлиб ўтади.

Фото: «Дарё» / Ҳусан Собитов

Англия ўз тарихида илк бор Европа чемпионати финалига чиқди. Шунингдек, жамоа 55 йил деганда биринчи марта йирик мусобақа финалида ўйнайди. Англия Европа чемпионати финалида ўйнайдиган 13-жамоа бўлади.

Қўшимча бўлимларда бош ҳакам Данни Макелли томонидан Дания дарвозаси томон белгиланган пенальти кўплаб эътирозлар келтириб чиқарди. Стерлинг йиқилган вазият шубҳали бўлишидан ташқари, ўша ҳужум вақтида майдонда иккинчи тўпнинг бўлгани ҳолатнинг кенг муҳокама қилинишига сабаб бўлмоқда. Бундан ташқари Ҳарри Кейн пенальти ижро этаётган вақтда данияликлар дарвозабони Каспер Шмейхелнинг юзига лазер нури туширилган. УЕФА бу ҳолат юзасидан тартиб-интизом иши очди.

Фото: Twitter

Айтганча, Италия ва Англия ўртасидаги финал учрашувини ҳам нидерландиялик ҳакамлар гуруҳи бошқариб боради. Ҳал қилувчи ўйин Бьорн Куйперсга ишониб топширилган. Англия — Дания ўйинида видеотакрорларга жавобгар бўлган Пол ван Букел эса финалда VAR тизимида иккинчи ассистент бўлиб ишлайди.

Италия президенти Евро—2020 финалига ташриф буюради. Италия президенти Сержо Маттарелла «Уэмбли»да ўтадиган Италия ва Англия ўртасидаги Евро—2020 финалига боради, дея хабар қилмоқда Sky Sport Italia. Қайд этилишича, Италия раҳбарларининг йирик мусобақалар финалига ташрифи терма жамоага омад келтирган. Италия терма жамоаси ғолибликни қўлга киритган ЖЧ—1982 ва ЖЧ—2006 финалларида давлат раҳбарлари ўйинни стадиондан кузатган.

Станислав Черчесов истеъфога чиқарилди. Россия футбол иттифоқи (РФС) мамлакат миллий терма жамоаси устози билан амалдаги шартнома бекор қилинганини маълум қилди. Черчесов 2016 йилда Россия терма жамоасини қабул қилиб олганди. Унинг қўл остидаги жамоа ЖЧ—2018 да чорак финалга қадар етиб борди. Евро—2020 да эса руслар Бельгия, Дания ва Финляндиядан кейин сўнгги ўринни эгаллаб, гуруҳда қолиб кетди. Айрим хабарларга кўра, РФС Черчесовга 300 миллион рубль миқдорида компенсация тўлайди. Бошқа хабарларда мутахассис компенсациядан воз кечгани айтилмоқда.

Фото: Getty Images

Франция терма жамоаси эса Дидье Дешамга ишонишда давом этади. Франция футбол федерацияси президенти Ноэл Ле Гре жамоа бош мураббийи ЖЧ—2022 якунига қадар қолишини маълум қилди. Аввалроқ жамоа Евро—2020 нимчорак финалида Швейцарияга енгилиб, мусобақани тарк этганди. Шундан сўнг Дидье Дешам Франция терма жамоасидан кетиши ва унинг ўрини Зинедин Зидан эгаллаши ҳақида хабарлар янграганди.

Трансфер янгиликлари

«ПСЖ» Серхио Рамосни ўз сафига қўшиб олди. Парижликлар Рамос трансферини эълон қилди. Футболчи янги жамоасида ўзи учун севимли бўлган 4-рақамни олди. Аввалроқ Париж клуби Жоржиньо Вейналдум, Ашраф Ҳакими каби футболчилар билан шартнома имзолаганди. Шунингдек, жамоа Евро—2020 финалидан кейин Жанлуижи Доннарумма трансферини эълон қилади. Айрим хабарларга кўра, «ПСЖ» Криштиану Роналду трансфери устида ишламоқда.

Фото: «ПСЖ» ФК

Мадриднинг «Атлетико» клуби жамоа бош мураббийи Диего Симеоне билан амалдаги шартномани 2024 йилнинг ёзига қадар узайтирди. Унинг қўл остидаги жамоа 2020/21 йилги мавсумда Ла Лига ғолиблигини қўлга киритганди.