Тожикистон Фавқулодда вазиятлар қўмитаси жануби-ғарбий минтақалардан иссиқ ва қуруқ об-ҳаво оқими кириб келиши туфайли мамлакатда 10 июлгача ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиш кутилаётганини маълум қилди, деб ёзади Asia-Plus.

Фото: Asia Plus

Хабарга кўра, термометр устуни мамлакат жанубида 45—48 даражагача, водийларда 39—44 даражагача, тоғли ҳудудларда эса 32 даражагача кўтарилади.

Иссиқ ҳаво туфайли республиканинг айрим тоғли ҳудудларда ва ғарбий қисмида музликлар эриб, тошқин пайдо бўлиши хавфи мавжуд. Ушбу даврда Панж, Вахш ва Зеравшан дарёлари ҳавзаларида ҳам сув сатҳининг кўтарилиши кутилмоқда.

Шу муносабат билан, қўмита аҳолидан барча эҳтиёт чораларини кўришни, тошқин йўли, зовурлар ва ариқлардаги чиқиндиларни тозалашни, тоғларда шифобахш гиёҳлар теришдан, ўтин йиғиш, чорва молларини боқиш ва ов қилишдан имкон борича тийилишни сўради.

Ҳайдовчилар тоғли ҳудудларда ёки йўлларнинг тошқин хавфи бўлган қисмларида ҳаракатланаётганда, автомобиллар ўртасида белгиланган ҳаракат оралиғига қатъий риоя қилиши шарт.

Бундан ташқари, Фавқулодда вазиятлар қўмитаси ушбу кунларда хавфсизлик нуқтаъйи назаридан бир қатор тавсияларга амал қилишни сўради. Хусусан, қуёшнинг максимал фаоллиги пайтида — соат 11 дан 17 гача заруратсиз кўчага чиқмаслик. Агар кўчага чиқишга тўғри келса, унда табиий матолардан тикилган кенг бичимли ҳамда оч рангли кийимлар, енгил бош кийим кийиш тавсия этилади.

Шунингдек, танани сувсизланишдан ҳимоя қилиш учун кунига камида 1,5—3 литр суюқлик ичиш керак.

Спиртли ичимликлар, шу жумладан, пивони, шунингдек, турли хил ширин газланган ичимликларни истеъмол қилиш тавсия этилмайди, улар нафақат чанқоқни қондирмайди, балки организмдаги метаболик жараёнларни секинлаштиради.

Бундан ташқари енгил овқатларни истеъмол қилиш мақсадга мувофиқдир. Кондиционерли хонада ҳаво ҳароратини  22—23 даражадан пастга тушириш тавсия этилмайди.

Фавқулодда вазиятлар қўмитаси иссиқ ҳавода болаларга алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини айтди. Шунингдек, дарёлар, каналлар, ҳовузлар ва сув омборлари яқинида дам олиш  ва сузиш чоғида хавфсизлик қоидаларига риоя қилишни сўради.