Мўғилистонда Япония ҳукуматининг имтиёзли кредитлари ҳисобига қурилган янги «Чингизхон» халқаро аэропорти очилди. Бу ҳақда Anadolu Agency хабар берди.
Янги ҳаво бандаргоҳидан биринчи рейсни Мўғилистон миллий авиакомпанияси — МИАТ амалга ошириб, Токиога парвоз қилди. Мўғилистон президенти Ухнаагийн Хурэлсух аэропортнинг очилиш маросимида сўзга чиқиб, ушбу тадбир мамлакат тараққиёти учун муҳим эканини таъкидлади.
Тантанада, шунингдек, аэропортни келгуси 15 йил давомида бошқаришга масъул New Ulaanbaatar International Airport мўғил—япон қўшма компанияси бош директори Като Такео сўзга чиқди.
«Янги аэропорт Мўғилистонга кириш дарвозаси, шунинг учун биз Мўғилистон фуқаролари ва меҳмонларини мамнун қилишни таъминлаш учун ҳаракат қиламиз», — деди Такео.
Улан-Батордан 50 км жанубда, Тув аймоғининг Хушиг водийсида жойлашган янги объект йилига 3 миллионгача йўловчини қабул қилиши мумкин.
Аэропорт майдони, тахминан, 104 минг квадрат метрни ташкил қилади. Унда узунлиги 3600 метр ва кенглиги 45 метр бўлган битта учиш-қўниш йўлаги мавжуд. Йўловчи терминалларининг майдони эса 35 минг квадрат метрга тенг.
Аэропорт халқаро стандартларга жавоб беради ва Япониянинг илғор технологияларидан фойдаланади.
Аэропорт 12 та авиакомпания самолётларига хизмат кўрсатади, жумладан, Мўғил авиакомпанияси (МИАТ), Aero Mongolia, Hunnu Air, Eznis Airways, Air China, «Аэрофлот», «Ангара», Turkish Airlines, Korean Air, Asiana Airlines, Air Busan ва SCAT Airlines.