Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида шифохонага мурожаат қилган бемордан касаллик тарихи очиш учун беш минг сўм сўраган тиббиёт ходими ишдан олинди. Бу ҳақда вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати маълум қилди.

Маълум қилинишича, ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода чиқиш қилган фуқаро туман тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар бўлимида рўйхатга олиш учун ундан беш минг сўм талаб қилишганини, бўлимда санитария талабларига тўлиқ риоя этилмаётганини маълум қилган.

Мазкур ҳолатни ўрганиб чиққан вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармасининг ёзишича, видеодаги воқеа туман тиббиёт бирлашмасида ўтказилган йиғилишда муҳокома қилинган.

«Аниқланишича, 2021 йил 24 июнь куни Чироқчи туман тиббиёт бирлашмаси юқумли касалликлар шифохонаси кундузги муолажа фельдшери Ғ.А. томонидан беморга касаллик тарихи очиш учун 5000 сўм пул сўралгани қайд этилган. Туман юқумли касаллликлар шифохонасининг 2021 йил 1 июлдаги буйруғи билан Ғ.А. билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди», — дейилади бошқарма ахборотида.

Таъкидланишича, туман тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар бўлимида санитария талабларига қатъий риоя қилинишини таъминлаш борасида тегишли чора-тадбирлар белгиланган.

Изоҳ
Асосий янгиликлар