Бош прокуратура томонидан ер қонунчилиги соҳасида самарали жамоатчилик назоратини ташкил этиш учун махсус Telegram-бот ишга туширилди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура ахборот хизмати.
@YerNazoratBot хизмати орқали фуқаролар ўзлари яшайдиган ҳудудларда қишлоқ хўжалиги ва қишлоқ хўжалиги бўлмаган ерлардан фойдаланишда қонун бузилиши ҳолатлари тўғрисида тезкор хабар бериши мумкин.
Мурожаат беришда фойдаланувчилар телефон рақами орқали рўйхатдан ўтиши ва ҳудудларини кўрсатиши керак.
Ҳозир уч турдаги ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар бериш мумкин: ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш, ноқонуний қурилиш ҳамда ердан мақсадсиз ва самарасиз фойдаланиш. Бош прокуратура томонидан белгилаб қўйилишича, ариза берувчининг шахси сир сақланиши таъминланади.
Бундан аввал Қаршида ҳокимлик захирасида турган бўш ерни 70 миллион сўмга сотмоқчи бўлган шахс ушлангани, Самарқанд ва Қаршида ерни ноқонуний равишда сотаётган собиқ мансабдор ва ҳокимлик вакили қўлга олингани ҳамда Жиззах ва Бухорода ерларни ноқонуний равишда сотиш ҳолатлари аниқлангани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)