Ўзбекистон Афғонистонда кескинлик кучайиб бораётганидан хавотирда эканлигини билдиради. Бу ҳақда ТИВ махсус вакили Юсуп Кабулжанов маълум қилди.

«Курашаётган томонларни тинч аҳоли орасида қурбонлар бўлишининг олдини олишга ва куч ишлатишдан тийилишга чақирамиз», — дейилади хабар бошида.

Қайд этилишича, 2021 йилнинг 27 июнь куни 44 кишидан иборат Афғонистон чегара қўшинлари ва маҳаллий қуролли гуруҳ вакиллари Шўртепа тумани ҳудудида Ўзбекистоннинг давлат чегарасини бузган.

Шунингдек, 26 июнь куни чегаранинг ушбу қисмида қўшни мамлакат куч ишлатар тизимлари 3 нафар вакилининг Ўзбекистон ҳудудига кириб келиш ҳолати қайд этилган. Барча Афғонистон фуқаролари ўз ватанига қайтарилган.

«Ўзбекистон ҳудудига бу каби ноқонуний ўтишга уринишлар қатъий равишда бартараф этилади.

Ўзбекистон ҳукумати Афғонистон билан анъанавий дўстона ва яхши қўшничилик муносабатларини давом эттириш, нейтралитетни сақлаш ҳамда қўшни мамлакат ички ишларига аралашмаслик тарафдори эканлигини қатъий маълум қилади», — дейилади ТИВ махсус вакили хабарида.

Аввалроқ Афғонистондан дастлаб 53 нафар ҳарбий, кейин бир қанча фуқаролар Ўзбекистон ҳудудига қочиб ўтгани хабар қилинганди.