Тошкент шаҳрига киришдаги постлар ёпилмоқда, Зангиота тумани марказига кириш учун фақат «Эркин» пости очиқ қолдирилган. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар бермоқда.

Фото: «Дарё» / Дилшод Шарипов

Маълум бўлишича, 27 июнь куни соат 17:00 атрофидан бошлаб Тошкент шаҳрига олиб кирувчи деярли йўллар бетон тўсиқлар билан ёпилмоқда. Шаҳарга кирувчи ва чиқувчилар таркибини самарали назорат қилиш мақсадида саноқли постларгина очиқ қолдирилади.

Хусусан, Зангиота тумани маркази («Райцентр»)га кириш фақат «Эркин» пости орқали амалга оширилмоқда. Ушбу ҳудуддаги Тошкентга кириш-чиқиш имконини берувчи бошқа барча йўллар ёпиқлиги сабаб «Бек Барака» ва собиқ «Абу Сахий» бозорлари йўлларида катта тирбандликлар юзага келган.

Фото: «Дарё» / Дилшод Шарипов

Фото: «Дарё» / Дилшод Шарипов

Аввалроқ Ўзбекистонда COVID-19 га чалиниш ҳолатлари сони кескин кўпайгани сабабли Соғлиқни сақлаш вазирлиги таклифига биноан коронавирусга қарши курашиш бўйича Республика махсус комиссияси коронавирус сабаб 28 июнидан 12 июлига қадар Тошкент шаҳрига қўшни вилоятлардан автотранспорт (автобус, автомобиль) воситалари орқали ўта зарурат бўлмаган ҳолларда кириш бўйича чекловлар ўрнатгани ҳақида хабар берилган эди.

Фото: «Дарё» / Дилшод Шарипов

Эслатиб ўтамиз, 25 июнь куни коронавирус инфекциясини юқтириб олиш билан боғлиқ 546 та янги ҳолат рўйхатга олиниб, кунлик касалланиш бўйича 2021 йилнинг энг юқори кўрсаткичи бўлганди. Мамлакатда кунлик касалланиш ҳолатлари сони яна ортиб бормоқда. Шу сабабли республика бўйлаб 28 июндан карантин чекловлари кучайтирилади. Кўнгилочар ва овқатланиш объектлари фаолиятига чекловлар ўрнатилади. Бундан ташқари, Тошкентда 18 ёшдан ошганлар 28 июндан коронавирусга қарши оммавий эмланиши маълум қилинди.