Ўзбекистон Экология қўмитаси ва унинг тизимидаги бюджет ташкилотлари ҳамда ҳудудий «Тоза ҳудуд» ДУКлари бюджетдан ажратилган ва бюджетдан ташқари жами 87,3 миллиард сўмлик маблағни мақсадсиз сарфлаб юборган. Бу ҳақда Молия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Дарё»

Аниқланишича, Экология қўмитаси ва унинг тизимидаги бюджет ташкилотларида ходимларга иш ҳақи, меҳнат таътили, моддий ёрдам ва мукофот пулларини ҳисоблашда хатоликларга йўл қўйилиши оқибатида 9,4 миллиард сўмлик бюджет ва бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари ноқонуний сарфлаб юборилган.

Шунингдек, ҳудудий «Тоза ҳудуд» ДУКларда 77,9 миллиард сўмлик бюджет ва бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари ноқонуний сарфлаб юборилган.

Қайд этилишича, Андижон вилояти «Тоза ҳудуд» ҳисобчиси ўзига тегишли банк картасига 282,7 миллион сўм маблағни асоссиз ўтказиб, ўзлаштириб юборган бўлса, Қашқадарё вилояти «Тоза ҳудуд»да ходимларнинг ойлик иш ҳақи миқдори асоссиз равишда юқори қўлланилиши ҳисобига ишчи-ходимларга иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлардан 1 миллиард 730,4 миллион сўм ортиқча тўлаб юборилган.

Ҳудудий «Тоза ҳудуд»ларда махсус транспорт воситаларидан мақсадли фойдаланилишида ва ёқилғи-мойлаш маҳсулотларини сарфлаш меъёрларига амал қилинмаганлиги натижасида 44,2 миллиард сўм миқдорида маблағлар асоссиз ортиқча сарфланган.

Ҳудудий «Тоза ҳудуд» ДУКлар томонидан «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонун талабларига риоя этилмасдан 11,3 миллиард сўмлик шартномалар тузилган ва харидлар амалга оширилган.

Мазкур қонун талабларига зид равишда Самарқанд (7,1 миллиард сўм), Бухоро (794,7 миллион сўм) ва Наманган (372,4 миллион сўм) вилоятларида тўғридан-тўғри тузилган шартномалар асосида товар-моддий бойликлар харид қилинган.

Бундан аввал Бухорода мактабни таъмирлашда талон-торожликка йўл қўйган қурилиш ташкилоти раҳбари жавобгарликка тортилгани, Ўзбекистонда бешта вазирлик 61 миллиард сўмни талон-торож қилишининг олди олингани ҳамда Ўзбекистонда 2 йил ичида 120 минг гектардан ортиқ ер ҳокимлар томонидан мақсадсиз берилган ёки талон-торож қилингани ҳақида хабар берилганди.