Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида электр таъминотидан норози бўлиб, «Афросиёб» поезди йўлини тўсганларнинг 13 нафари судга чақирилди, дея хабар берди «Дарё» мухбири.
Таъкидланишича, поезд йўлини тўсганлар иши 2021 йил 25 июнь куни Жиноят ишлари бўйича Чироқчи туман судида кўриб чиқилади.
Бу ҳақда «Дарё» мухбири билан суҳбатлашган Чироқчи туман «Айритом» МФЙ профилактика инспектори Аҳрор Дўстқуловнинг маълумот беришича, мазкур иш доирасида 50 нафар фуқарога чора кўрилмоқда.
«Эртага 13 нафар фуқаро судга чақирилган ва уларнинг хатти-ҳаракатига судда баҳо берилади», — деди маҳалла профилактика инспектори.
ИИБ ходимининг қўшимча қилишича, мазкур воқеа бўйича 37 нафар фуқарога огоҳлантириш берилган.
Чироқчи туман ҳокимлиги ахборот хизматининг туман ИИБ масъулларига таяниб хабар беришича, Чироқчида 1-синфда ўқувчи қиз ЙТҲ оқибатида вафот этгач, норозилик билдириб, йўлни тўсган бир гуруҳ аёллар иши ҳам судда кўриб чиқилган ва уларга огоҳлантириш берилган. Бироқ, бу ҳақда жамоатчиликка маълум қилинмаган.
Эслатиб ўтамиз, ижтимоий тармоқларда 2021 йилнинг 7 июнь куни эрталаб соат 09:00 дан 10:20 ларга қадар «Қарши минтақавий темир йўл узели» унитар корхонасига қарашли Айритом темир йўл бекати ҳудудида Чироқчи туман Айритом қишлоғи фуқаролари темир йўл устига йиғилганлиги акс этган видео тарқалганди. Кейинчалик бу воқеага электр таъминотидаги чеклов сабаб бўлгани очиқланди.
Изоҳ (0)