Самарқанд вилояти Ургут туманида суюлтирилган газ ортган юк машинаси портлаб кетди, дея хабар қилди вилоят ИИБ ахборот хизмати.

Фото: Самарқанд вилояти ИИБ

Маълум қилинишича, 14 июнь куни соат 17:40 лар атрофида фуқаро А. бошқарувида бўлган, суюлтирилган газ ташувчи «ЗИЛ-138 ГБА СНГ» русумли автомашина Ургут туманининг «Кенагас» маҳалласи ҳудудида жойлашган суюлтирилган газ қуйиш шохобчасига газ тушираётган вақтида портлаб кетган.

Ҳодиса оқибатида ҳайдовчи ва газ қуйиш шохобчасининг бир нафар ишчиси воқеа жойида вафот этган.

Фото: Самарқанд вилояти ИИБ

Портлаш сабабларини аниқлаш юзасидан текширув ишлари олиб борилмоқда.

Бундан аввал Самарқандда метан заправкада турган Nexia’нинг газ баллони портлаб кетгани, Фарғонадаги газ «заправка»да «Жигули» портлагани ҳамда Қашқадарёда ҳаракатланаётган Nexia’нинг газ баллони портлаши оқибати икки киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди.