Британия Россия армиясига мигрантларни ёллаган 35 нафар шахс ва ташкилотларга санкция киритди
Буюк Британия 5 май куни 35 нафар шахс ва ташкилотларга нисбатан санкциялар жорий этди. Улар Россиянинг Украинага қарши урушига мигрантларни ёллаш ва дронлар ишлаб чиқаришда айбланмоқда. Бу ҳақда Al Arabiya хабар берди.
Британия ташқи ишлар вазирлиги халқаро ноқонуний миграция санкциялари доирасида 17 та чекловни эълон қилди. Бу чоралар одам савдоси тармоқларига қарши қаратилган. Мазкур тармоқлар одамларни урушнинг олдинги чизиқларига “ем” сифатида юбориш билан шуғулланган.
Вазирликнинг маълум қилишича, санкциялар Ироқ, Сомали, Сурия ва Яман каби давлатлардан одамларни олиб келиш билан боғлиқ. Ушбу мигрантлар Украинада урушиш ҳамда вазиятни беқарорлаштириш мақсадида Польша ва Финляндияга юборилган.
Alabuga Start дастури ва дрон заводлари
Шунингдек, Британия Россияга қарши санкциялар режими доирасида яна 18 та чеклов киритди. Уларнинг бир нечтаси Alabuga Start дастурига тегишли. Ташқи ишлар вазирлиги бу лойиҳани Россиядан ташқарида яшовчи, иқтисодий жиҳатдан ҳимояланмаган шахсларни ёллаш схемаси деб атади.
Ёлланганларнинг аксарияти Камерун фуқаролари ҳисобланади. Улар Москвадан 800 километр шарқда, Татаристон Республикасида жойлашган заводга жойлаштирилади. У ерда мигрантлар дронлар ишлаб чиқариш билан шуғулланади.
Санкциялар бўйича вазир Стивен Даути ўз баёнотида шундай деди:
“Россиянинг муваффақиятсиз ва ноқонуний урушини қўллаб-қувватлаш учун ожиз одамлардан фойдаланиш бу ваҳшийликдир”.
Вазирнинг қўшимча қилишича, ушбу санкциялар мигрантларни урушга юбораётган тармоқлар фаолиятини тўхтатади. Шунингдек, Путиннинг дрон заводларини ноқонуний бутловчи қисмлар билан таъминлашга тўсқинлик қилади.