Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманида 20 киши дўконга бостириб келиб ҳужум қилгани, 4 киши жароҳатлангани айтилган хабарлар тарқалди. Самарқанд вилояти ИИБ матбуот хизмати тарқалган хабарлар юзасидан расмий маълумот берди.
Маълум қилинишича, 5 июнь куни соат 22:00 ларда Пайариқ тумани «Ғойибота» маҳалласида жойлашган савдо дўкони ёнида Пайариқ тумани «Туркибола» маҳалласида яшовчи 1974 йилда туғилган Б. ҳамда шу маҳаллада яшовчи 1994 йилда туғилган С. ўртасида келиб чиққан ўзаро келишмовчилик оқибатида С. қўлидаги темир бўлаги билан Б.нинг бош қисмига уриб, тан жароҳати етказган.
Ҳолат юзасидан Пайариқ тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 104-модда 2-қисми «л» банди (қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни ишлатиб, қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, гумон қилинувчи процессуал тартибда ушланган.
Таъкидланишича, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Тергов ҳаракатлари давомида жанжалда иштирок этган бошқа шахсларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади.