Ўзбекистонда 2021 йилнинг январидан апрель ойига қадар дарахт ва буталарнинг ноқонуний кесилиши билан боғлиқ 2014 та қонунбузилиш ҳолати аниқланди. Бу ҳақда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Озод Ражабов АОКАда ўтказилган брифингда маълум қилди.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Унинг сўзларига кўра, содир этилган экологик қоидабузарликлар натижасида ўсимликлар дунёсига 4,98 миллиард сўм миқдорида зарар етказилган.

«1313 та туп қимматли дарахт ноқонуний равишда кесилгани, 619 та туп дарахт шикастлантирилгани юзасидан ҳуқуқбузарларга нисбатан 2 миллиард 514 миллион сўм маъмурий жарима белгиланиб, ўсимлик дунёсига етказилган зарар жами 4 миллиард 988 миллион сўм миқдорида ҳисобланди», — дейди Ражабов.

Матбуот котибининг таъкидлашича, мораторий давомида 5609 жисмоний ва юридик шахслар ўрмон фондига киритилмаган деярли 260 минг туп дарахт ва буталарни кесишга рухсат сўраган. Шу билан бирга, Давлат экология қўмитаси 182 мингдан ортиқ дарахтларни, жумладан 91 минг тупи қимматбаҳо турларни кесишга рухсат беришни рад этган.

Эслатиб ўтамиз, февраль бошида давлат ўрмон фонди таркибига кирмайдиган қимматбаҳо дарахт ва бута турларини кесишга мораторий 2021 йил 31 декабргача узайтирилган эди.