Сурия президенти Башар ал-Асад 95 фоиздан кўпроқ овоз билан президентлик сайловларида яна ғолиб чиқди. Бу ҳақда Сурия парламенти спикери Ҳаммуд Саббаг маълум қилди, деб ёзади «РБК».

Фото: Reuters

Хабарга кўра, сайловларда 13,5 миллион киши Асадга овоз берди. Унинг рақиблари — ички мухолифат номзоди Маҳмуд Марай 3,3 фоиз, социалистик партиянинг собиқ депутати Абдулла Саллум Абдулла эса 1,5 фоиз овоз йиғди.

Парламент спикерининг сўзларига кўра, сайловларда жами 14,2 миллион суриялик иштирок этган, бу сайловчиларнинг 78 фоизига тенг.

2000 йилдан бери президентлик лавозимини эгаллаб келаётган Асад яна етти йиллик муддатга қайта сайланди. Асад мамлакатни 1971 йилдан 2000 йилгача — 29 йил давомида бошқарган отаси Ҳофиз Асаднинг ўрнини эгаллаган эди, бу йил Ҳофиз Асаднинг ҳокимиятга келганига 50 йил тўлди.

SANA агентлиги хабар беришича, минглаб сурияликлар Асаднинг ғалабасини нишонлаш учун кўчаларга чиққан. Сайловларнинг расмий натижалари эълон қилинишидан олдинроқ ҳам унинг тарафдорлари йиғила бошлаган, аксарияти Сурия байроқлари ва президент портретларини кўтариб олган.

Сурияда президентлик сайлови 26 май куни бўлиб ўтди, шу куни 12 мингдан ортиқ сайлов участкалари овоз берувчиларга хизмат қилди.

Европа дипломатияси бошлиғи Жосеп Боррел сайловларни демократик овоз бериш мезонларига тўғри келмагани ва мамлакатдаги зиддиятни ҳал қилишга ҳисса қўшмаганини айтиб, танқид қилди. «Барча сурияликлар, шу жумладан, ички муҳожирлар, қочоқлар ва диаспора (мамлакат ташқарисидаги сурияликлар) аъзолари хавфсиз ва нейтрал муҳитда, қўрқитиш таҳдидисиз, эркин ва адолатли сиёсий рақобатда иштирок эта олган тақдирдагина, сайловлар  ишончли бўлиши мумкин», — деди у.

АҚШ, Франция, Германия, Италия ва Буюк Британия ташқи ишлар вазирлари ўзларининг қўшма баёнотида Суриядаги сайловларни адолатли ва эркин деб ҳисобламаслигини таъкидлади. Россия элчиси Александр Ефимов сайловлар амалдаги Конституцияга мувофиқ қонуний равишда ўтказилганини айтди.