Бразилиянинг Маранян штати ҳукумати мамлакат президенти Жаир Болсонаруни Асайландия шаҳрига ташрифи чоғида акция учун одамларни тўплагани, аммо ўзи бу вақтда ниқобсиз ҳолда бўлгани учун жаримага тортди, деб ёзади «Интерфакс».

Фото: EPA

Маранян штати Санитар назорат бошқармаси Болсонаруни «ниқоб тақиш мажбурияти»ни бажармаган ва «санитар назоратсиз 100 дан ортиқ одамнинг тўпланишига сабабчи бўлган» деб топди.

Ҳодиса Маранянда коронавируснинг «ҳиндча» штаммига чалиниш билан боғлиқ олтита ҳолат аниқланиши фонида юз берган.

Болсонару коронавирус тарқалиши туфайли чеклов чораларини жорий қилишга қарши турган президент сифатида таниқли. Шу туфайли мамлакатда пандемия даврида тўрт марта соғлиқни сақлаш вазири алмашган. Дастлаб Болсонару коронавируснинг хавфлилигини намойишкорона инкор қилди, касалхонага ниқобсиз ташриф буюрди, кейин эса ўзи коронавирусни юқтириб олди. Шундан сўнг у қатъий локдаундан бош тортишни иқтисодий муаммолар билан изоҳлай бошлади: «Бизда вирус ва ишсизлик иккита асосий душманимиз бўлган ва шундай бўлиб қолмоқда. Бу ҳақиқат. Агар уйда ўтирсак, бу муаммони ҳал қила олмаймиз», — деди Болсонару.

Апрель бошида дунё бўйича COVID-ўлимларнинг, тахминан, чорак қисми мазкур давлатга тўғри келарди.

Бутун пандемия даврида мамлакатда 16 миллиондан ортиқ киши коронавирус билан касалланган, шуларнинг 448 мингдан зиёди вафот этган.