Италиядаги Моттароне тоғи ҳудудида арқон йўли кабинаси қулаб тушди, тўққиз киши ҳалок бўлди, деб ёзади «РБК».
Italpress нашри полицияга таяниб хабар қилишича, яна уч киши жабрланган. Улар орасида икки бола бўлиб, улар оғир аҳволда вертолётда Турин касалхонасига етказилган.
Кейинроқ Quotidiano Nazionale қурбонлар сони 12 кишига етганини маълум қилди.
Маҳаллий Rainews24 телеканали хабарига қараганда, йўналиш охирига етай деб қолганида кўтарма йўл арқони узилиб кетган. Кабина бориш қийин бўлган ўрмонли жойга қулаб тушган, бу қутқарув операциясини мураккаблаштирган. Қутқарувчилар кабинани ерда деярли бутунлай пачоқланиб, остин-устун бўлган ҳолда топган.
Кабина ичида нечта одам бўлгани ҳозирча номаълум. Rainews24 хабарига кўра, арқон йўли кабинасининг сиғими 40 йўловчига тенг.
Моттароне арқон йўли қарийб 1,5 минг метр баландликдан ўтган бўлиб, Лаго Мажоре кўли яқинида жойлашган Стреза аҳоли пунктини Монтероне тоғи билан боғлайди. Арқон йўли бўйлаб сайр 20 дақиқа давом этади.
Йўл 1970 йилда очилган. Сўнгги марта у 2014—2016 йилларда тўлиқ таъмирдан чиқарилган.
Изоҳ (0)