Франция президенти Эммануэль Макрон ва мамлакат бош вазири Жан Кастекс 19 май куни коронавирус пандемиясига қарши курашиш доирасида жорий этилган чекловларнинг бекор қилиниши муносабати билан Елисей саройи яқинида жойлашган террасада қаҳва ичди, деб ёзмоқда «Интерфакс».
«Биз шу ердамиз! Террасалар, музейлар, кинотеатрлар, театрлар... Келинг, бизнинг ҳаёт тарзимизни ташкил этувчи нарсаларни қайтарамиз», — деб ёзди Макрон ўзининг Twitter саҳифасига бош вазир билан ўтиргани тасвирланган видеоёзувни жойлаб.
Видеоёзувда президент ва бош вазирнинг қаҳва буюртма бергани, табассум қилаётгани ва уларга хизмат кўрсатаётган официант билан гаплашаётгани тасвирланган.
Nous y sommes !
— Emmanuel Macron (@EmmanuelMacron) May 19, 2021
Terrasses, musées, cinémas, théâtres… Retrouvons ce qui fait notre art de vivre. Dans le respect des gestes barrières. pic.twitter.com/UXfOKur9D0
Шу билан бирга, 19 май куни BFM-TV эфирида Макрон эҳтиёт чораларига риоя қилган ҳолда «ҳаракат қилишни давом эттириш» кераклигини эслатиб ўтди.
2021 йилнинг 19 май кунидан бошлаб карантин чекловларини юмшатишнинг иккинчи босқичи бошланди, у комендантлик соатининг 19:00 дан 21:00 га ўзгартиришни назарда тутади. Ресторан ва кафелар ўзларининг террасаларини ташриф буюрувчилар учун очиши мумкин, лекин стол атрофида олти кишидан кўпроқ тўпланиш тақиқланади. Бу босқичда дўконлар, шунингдек, музейлар, кўнгилочар муассасалар, кинотеатр ва театрларнинг ташриф буюрувчилар сонининг чекланиши шарти билан қайта фаолият бошлашига рухсат берилади.
Франция ҳукумати карантин чекловларини бир нечта босқичда бекор қилиш бўйича қарор қилган эди. 2021 йилнинг 9 июнидан бошлаб комендантлик соатининг вақти 23:00 га ўтказилади. Ресторан ва кафелар нафақат террасаларда, балки бинонинг ичида ҳам меҳмонларни қабул қила бошлайди. Машғулот заллари қайта ишга туширилади ва сайёҳларнинг мамлакатга кириши учун рухсат берилиши ҳам кутилмоқда.
Навбатдаги босқич 30 июндан кучга киради. Францияда 2020 йилнинг куз фаслида жорий этилган комендантлик соати бекор қилинади. «Санитар рухсатнома» тақдим этган ҳолда, минг кишидан ортиқ одам иштирок этаётган ҳар қандай тадбирда қатнашишга рухсат берилади.
Изоҳ (0)