БААнинг Masdar компанияси Сурхондарёдаги қуёш фотоэлектр станцияси қурилиш лойиҳаси бўйича энг жозибадор нархни таклиф этди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
12 май куни Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида камида 200 мегаватт қувватга эга қуёш фотоэлектр станцияси (ҚФЭС)ни қуриш бўйича лойиҳанинг молиявий таклифларининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Лойиҳани амалга оширишга 54 та халқаро компания қизиқиш билдирган. Улардан икки босқичли танловдан сўнг 5 та малакали иштирокчи ўзларининг таклифларини (тижорат, техник ва молиявий) тақдим этган, шулардан 4 таси молиявий таклифлар босқичида қатнашган:
Молиявий таклифларнинг талаб қилинган мезонларга мувофиқлигини баҳолагандан сўнг лойиҳани амалга оширадиган инвесторнинг номи эълон қилинади.
Ушбу лойиҳа Ўзбекистон ҳукумати томонидан Осиё тараққиёт банки (ОТБ) кўмаги билан амалга оширилаётган умумий қуввати 1 гигаватт бўлган қуёш фотоэлектр станцияларини қуриш дастурининг бир қисми ҳисобланади. Дастур Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан амалга оширилмоқда.
Ушбу дастур мамлакатда тобора ортиб бораётган электр энергиясига бўлган эҳтиёжни қондириш учун 2030 йилга қадар мамлакатда 5 гигаваттгача экологик тоза қуёш энергиясини ишлаб чиқариш стратегиясининг муҳим таркибий қисмларидан бири ҳисобланади.
Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида ушбу дастур доирасида камида 200 мегаватт ўзгарувчан ток қувватига эга бўлган ҚФЭС лойиҳаси амалга оширилади. Лойиҳа доирасида ишлаб чиқарувчи — инвестор 220 киловатт янги подстанцияни ва 500 киловаттли Сурхон подстанциясига уланиш учун 52 километр электр узатиш тармоғини қуриши керак.
Аввалроқ Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ва Phanes Group халқаро компанияси ўртасида Навоий вилояти Нурота тумани ҳудудида қуёш электр станцияси қуриш тўғрисида инвестиция шартномаси имзолангани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)