Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 12 май, чоршанба куни ўтказилган йиғилишда давлат раҳбари мактаблардаги аҳвол ва муаммолар ҳақида сўз юритди. Бу ҳақда Азиза Қурбонова ўз Telegram каналида маълум қилди.
«Мени нима қийнайди десангиз, айтаман: мактабдаги шароит. Мактаблардаги аҳволни кўрса, одам тавба деб юборади. Шу тўрт йилда мактабга жуда кўп эътибор бердик, аммо муаммолар ҳали ҳам кўп. Камчиликларни 27 йил кўриб, кўрмасликка олганмиз. Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанддаги мактабларнинг аҳволини яхши биламан.
Учинчи Ренессансга пойдевор қуряпмиз, деяпмиз. Агар маблағларни тўғри сарфлаб, келажагимиз бўлган мактабларга биринчи навбатда йўналтирмасак, китобини, шароитини, ўқитувчининг иш ҳақини жой-жойига қўймасак, ниятимизга эриша олмаймиз.
Ҳозирнинг ўзида мактабни таъмирлаш, уёқ-буёғини суваш учун 30 триллион сўм керак бўляпти. Бир пайтлар партани олиб бориб қўйиб, мактаб филиаллари очилган. Бу ҳозир катта муаммога айланяпти: бундай мактаблар филиалларида ўқиган болаларнинг билими, ўқитувчиларнинг савияси, ойлиги, шароити қандай бўлади? Бунга жавоб йўқ. Бу фақат мактаб таълимининг ўзидаги муаммолар.
Шерматовни олдимга чақирсам, шароитни яхшилаш учун 30 триллион сўм маблағ керак, деяпти. Бу китоб-у партасини ҳисобга олинмаганда, фақат таъмирлаш учун кетадиган маблағ. Ҳожибоев (соғлиқни сақлаш вазири)ни чақирсам, 60 триллион сўм керак, деяпти. Бу пулларни қаердан оламиз?», — деган Президент.
Давлат раҳбари йиллар давомида тўпланиб қолган бу каби долзарб ижтимоий муаммоларни бартараф этиш учун, аввало, ўз вақтида солиқ тушумларини таъминлаш зарурлигини таъкидлаб, маблағларни мақсадли сарфлаш назоратини кучайтириш бўйича масъулларга топшириқ берган.
Изоҳ (0)