Нелсон Мандела 1994 йил 10 май куни Жанубий Африка Республикаси президентига айланди. У бу лавозимни эгаллаган илк қора танли номзод эди. «Дарё» ушбу сана муносабати билан дунё қора танлилар ҳуқуқлари ҳимоячиси, апертеид (ирқий айирмачилик) сиёсатига қарши кураш рамзига айланган, тинчлик бўйича Нобель мукофоти лауреати (1993) Нелсон Мандела ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилади.
Ёшлик йиллари
Нелсон Мандела 1918 йил 18 июль куни Жанубий Африка Республикасининг (ЖАР) Транскей ҳудудидаги Мфезо (Мвезо) қишлоғида туғилган. Унинг асл исми Ролилаҳла эди. Мандела мансуб бўлган коса тилида бу «безовта қилувчи» , «бузғунчи» деган маъноларни билдиради.Манделанинг отаси бир неча йил маҳаллий қабила сардорига яқин маслаҳатчи бўлиб хизмат қилган, аммо кейинчалик мустамлакачи оқ танли амалдор билан зиддиятга боргач, ер-мулк ва унвонларидан маҳрум қилинган. Мандела бу пайти ҳали гўдак эди. Отаси мавқейини йўқотгач, оила Мфезодан шимолдаги кичикроқ Куну қишлоғига кўчиб ўтган. Ролилаҳланинг ёшлик йиллари шу қишлоқда ўтди. У оиласида биринчи бўлиб мактабга боради. Ўша пайтлардаги одатга кўра ва Британия таълим тизимининг айирмачилиги сабаб ўқитувчиси унга янги Нелсон исмини беради.
12 ёшида отаси ўпка касалидан вафот этгач Нелсоннинг ҳаёти тубдан ўзгарди. У Транскейдаги ҳукмрон тембу қабиласи етакчиси Жонгинтаба Далиндебо хизматига қабул қилинди. Бу унинг отасига билдирилган эҳтиром белгиси эди, чунки бир неча йиллар олдин у Жонгинтаба номзодини ҳукмдорликка илгари сурган эди.
Мандела Тембулендга кўчиб келади. У ҳукмдорнинг икки фарзанди каби даража ва имкониятларга эга бўлади. У сарой яқинида жойлашган кичкинагина мактабда тарих, география, инглиз ва коса тилларини ўрганади. Айнан шу даврда Манделада Африка тарихига қизиқиш кучайди, у Африка халқи оқ танлилар келгунига қадар нисбатан тинч яшаганини билиб олади.
1939 йил Мандела Форт-Ҳейр университетига ўқишга кирди. Бу университет ўша даврда Жанубий Африкадаги қора танлилар ўқиши мумкин бўлган ягона олий таълим муассасаси эди.
Университетнинг дастлабки йилидан Мандела роман-герман ҳуқуқини яхши ўрганишга киришди. Сабаби бу қора танлилар учун энг яхши касблар — таржимонлик ва давлат хизматчиси бўлишига йўл очарди.
Олийгоҳдаги ўқишнинг иккинчи йилида Мандела университет талабалар кенгаши вакили этиб сайланди. Бироқ баъзи муаммолар сабаб талабалар бу сайловни бойкот қилди. Нелсон улар билан бир позицияда эканлигини билдириш учун истеъфога чиқишга қарор қилди. Буни бўйсунмаслик ҳаракати сифатида кўрган университет раҳбарияти унга тезда кенгашга қайтиши кераклигини, акс ҳолда олийгоҳдан ҳайдалишидан огоҳлантирди.
Мандела ультиматумни қабул қилмади ва уйига қайтди. Регент Жонгинтаба унинг университетни ташлаб қайтганидан ғазабланди. У Манделага кузда университетга қайтиши кераклигини айтди ва уни уйлантириш ҳаракатини бошлади.
Бу воқеалардан кейин Мандела уйидан қочиб, Йоханнесбургга келди. Бир мунча вақт шу ерда қўриқчи ва хизматчи бўлиб ишлади. Университетни сиртқи бўлимда тугатди.
Сиёсий фаолиятнинг бошланиши
1942 йилда Нелсон Мандела Африкада апертеидга қарши курашувчи партия Африка Миллий Конгрессига (АМК) аъзо бўлди. Кейинроқ ташкилотнинг ёш аъзолари мазкур Конгресснинг Ёшлар Лигасини ташкил этди. Бу лига мақсади ЖАРдаги минглаб ўз овозига эга бўлмаган қишлоқ аҳолиси, деҳқонлар ва ишчилар қўллаб-қувватловига эришиб, АМКни оммавий ҳаракатга айлантиришдан иборат эди.Ёшлар АМКнинг аввалгидек тинч, илтимос кўринишдаги мурожаатларини самарасиз усул деб ҳисоблади. Уларнинг ҳаракатлари натижасида 1949 йилда АМК ўз кураш усулини расман ўзгартириб, иш ташлаш, бойкот, бўйсунмаслик ҳаракатларини олиб бора бошлади. Хусусан, давлатга барчага тўлиқ фуқаролик бериш, ер участкаларини қайта тақсимлаш, касаба уюшмалари ҳуқуқларини кенгайтириш, барча болалар учун бепул ва мажбурий таълимни жорий қилиш каби талаблар қўйилди.
Деярли 20 йил давомида Мандела ЖАР ҳукуматига қарши тинч, зўравонликсиз ҳаракатлар олиб борди. 1956 йилда Мандела ва ҳаракатнинг 150 аъзоси ҳибсга олинди, улар сиёсий ташвиқотлари учун давлатга хиёнат қилишда айбланди (1961 йил улар оқланади).
Қамоқда Мандела қуролли кураш ўзгаришларга эришишнинг ягона йўли эканлигига ишона бошлади. Озодликка чиққач у Umkhonto we Sizwe — «Миллат найзаси» қуролли ҳаракатига асос солди.
1961 йилда у ишчиларнинг уч кунлик иш ташлашини уюштирди. Кейинги йил иш ташлашни ташкиллаштиргани, унга ўзи бошчилик қилгани учун яна 5 йилга озодликда маҳрум қилинди. 1963 йил Мандела қайта судга тортилди. Бу сафар у ва 10 нафар АМК етакчилари сиёсий жиноятлари, хусусан, иш ташлаш уюштиргани учун умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Мандела 27 йиллик (1962 йил ноябридан 1990 йил февралига қадар) тутқунлигининг 18 йилини Роббен оролида ўтказди. Бу ерда у сил касаллигини юқтириб олди. Шундай бўлса ҳам, қамоқдаги пайтида сиртқи дастурлар орқали Лондон университетидан юридик бакалавр дипломини олди.
Қамалганига қарамай, Мандела қора танлилар ҳаракатининг рамзи бўлиб қолаверди ва уни озод қилиш учун халқаро кампания бошланди. Бу қўллаб-қувватлашлар натижасида Мандела халқаро куч ва ҳурматга эга бўлди.
1982 йилда Мандела ва бошқа АМК етакчилари гўёки ЖАР ҳукумати билан алоқани таъминлаш учун Поллсмур қамоқхонасига кўчирилди. Собиқ ЖАР разведка ходими Гордон Винтернинг хотираларига кўра, Жанубий Африка ҳукумати кўчириш пайтида Манделани йўқ қилиш учун унинг қочиб кетишини ташкил қилмоқчи бўлган, бироқ режа Британия махсус хизматлари томонидан барбод қилинган.
1985 йили президент Питер Бота Манделага қуролли курашдан воз кечиш эвазига озодликни таклиф этди, аммо у бу таклифни қатъиян рад этди.
Манделанинг озод қилиниши учун маҳаллий ва халқаро босимлар кучайиши фонида ҳукумат у билан бир неча бор музокаралар ўтказди, лекин ҳеч қандай келишувга эришилмади.
Ботодан кейин президентликка Федерик де Кларк келгач, Мандела 1990 йил 11 февраль куни ниҳоят озодликка чиқарилди. Унинг озодликка чиқарилиши бутун дунёга жонли эфир орқали трансляция қилинди. Шунингдек, де Кларк АМКга қўйилган тақиқни бекор қилди, сиёсий партияларга қўйилган чекловларни олиб ташлади ва қатлларни тўхтатди.
Қамоқдан чиққач ҳам Мандела ЖАР ҳукумати конституциявий ислоҳотлар ўтказиши учун халқаро кучлардан босимни камайтирмасликни сўради. У тинчлик тарафдори эканлигини, бироқ қора танли аҳоли тўлиқ сайлов ҳуқуқини олмагунча АМК қуролли курашни тўхтатмаслигини билдирди. 1991 йил Мандела АМК президенти этиб сайланди, унинг содиқ дўсти ва ҳамкасби Оливер Тамбо Миллий Конгресс раиси бўлди.
1993 йил Нелсон Мандела ва президент де Кларк Жанубий Африкада апертеидга чек қўйиш борасидаги ишлари учун тинчлик бўйича Нобель мукофотига сазовор бўлди.
Қамоқдан чиққандан сўнг Мандела президент де Кларк билан мамлакатдаги биринчи кўп миллатли сайловлар ҳақида музокаралар олиб борди. Оқ танлилар ҳокимиятни бўлишишга тайёр эди, аммо қора танлилар ҳукуматни тўлиқ ўз қўлларига олмоқчи эди. Музокаралар кескинлашиб, намойишлар кучайди. Мамлакатда АМК етакчиларидан бири Крис Ҳани ўлдирилгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Президент Нелсон Мандела
Мандела ва президент де Кларкнинг саъй-ҳаракатлари натижасида ўзаро келишувга эришилди: 1994 йил 27 апрелда Жанубий Африка Республикасида биринчи демократик сайловлар ўтказилди. Сайловларда Мандела ғалаба қозонди.
1994 йилнинг 10 май куни 77 ёшида Мандела ЖАРнинг биринчи қора танли президентига айланди. Вице-президентликка эса собиқ президент де Кларк тайинланди.
Президентлик даврида Мандела ҳокимиятда оқ танлилар устунлигини қора танлилар фойдасига ўзгартиришга ҳаракат қилди. У халқнинг спортга бўлган қизиқиш ва иштиёқидан давлатнинг қора ва оқ танли аҳолисини яраштиришда фойдаланди ва жанубий африкалик қора танли аҳолини бир пайтлар улар нафратланиб юрган миллий регби жамоасини қўллаб-қувватлашга ундади.
1995 йилда ЖАРда регби бўйича Жаҳон Кубоги ўтказилди. Бу давлатнинг халқаро майдондаги обрўси ўсишига ёрдам берди. Ўша йили Мандела «Буюк хизматлари учун» ордени билан тақдирланди.
Шунингдек, президентлик даврида Мандела ЖАР иқтисодиётини қулашдан ҳам ҳимоя қилди, «Қайта қуриш ва ривожлантириш режаси» орқали ҳукумат янги иш ўринлари, уй-жой ва соғлиқни сақлаш тизими ташкил этилишини молиялаштирди.
1996 йилда Мандела кўпчилик ҳукмронлигига асосланган кучли марказий ҳукуматни ташкил қиладиган, озчилик манфаатлари ва сўз эркинлигини кафолатлайдиган янги конституцияни қабул қилди.
1999 йилги сайловларга Мандела ўз номзодини қўймади. Кейинги фаолияти давомида фаол сиёсат билан шуғулланмаган бўлса-да, фондлар орқали қишлоқларда шифохоналар ва мактаблар қурдирди, Бурундидаги фуқаролар урушида воситачилик қилди.
Ҳаётининг сўнгги йиллари
Манделага 2001 йилда простата саратони ташхиси қўйилди ва даволанди. 2004 йил 85 ёшида у сиёсий фаолиятига расман якун ясаганини билдириб, болалик йиллари ўтган Куну қишлоғига кўчиб келди.
2011 йил ўпка инфекциясини бошдан кечирган Мандела 2012 йилда ошқозон касаллигини даволаш учун Йоханнесбург касалхонасига ётқизилди. Операциядан сўнг Кунуга қайтиб кетган Мандела яна бир неча касалликларни бошидан ўтказди.
Нелсон Мандела 2013 йил 5 декабрда, 95 ёшида Йоханнесбургдаги уйида вафот этди. Шу куни ЖАР президенти Якоб Зума унинг вафоти муносабати билан нутқ сўзлаб, «Дунёнинг қаерида бўлмасин, унинг жамият ҳақида тасаввурларини яна бир бор тан олайлик... Унда ҳеч ким эксплуатация қилинмайди, зўрлик ишлатилмайди, инсон устидан инсон устунлигига йўл қўйилмайди».
Манделанинг дафн маросимида 91 нафар давлат ва ҳукумат раҳбарлари, 15 нафар собиқ раҳбарлар қатнашди.
Нелсон Мандела қаламига мансуб «Кураш — бу менинг ҳаётим», «Озодликка осон йўл йўқ» китоблари дунё ўқувчилари орасида жуда машҳур.
Нелсон Мандела иқтибослари
Муҳаммадқодир Собиров тайёрлади.
Фойдаланилган манбалар:
Изоҳ (0)