Қуддуснинг Маъбад тоғидаги ал-Ақса масжидида Исроил полицияси билан юзага келган тўқнашувда 278 нафар фаластинлик жароҳат олди. Бу ҳақда The Times of Israel газетасига таяниб, «РБК» хабар берди.

Фото: EPA

«Маълумотларга кўра, 205 киши касалхонага ётқизилган, шулардан беш нафарининг аҳволи оғир», — дейилади хабарда. Камида 13 киши кўздан ёш оқизувчи газ билан бевосита ҳужумга учраши оқибатида жароҳат олган.

Аввалроқ WAFA агентлиги кўп сонли полициячилар 10 майга ўтар кечаси ал-Ақса масжиди мажмуаси ҳудудига бостириб киргани ҳақида хабар берган эди. Унга кўра, хавфсизлик кучлари резина ўқлар, флешгранаталар ва кўздан ёш оқизувчи газлардан фойдаланган.

Фото: AP Photo

Фото: AP Photo

Фото: AP Photo

Полиция, ўз навбатида, тартибсизликлар ортида экстремистлар турганини ҳамда қонун ва тартиб кучлари «экстремистларнинг жамоат хавфсизлигига зарар етказишига йўл қўймаслигини» айтган. Таъкидланишича, экстремистлар минглаб яҳудийлар ибодат қилиш учун йиғилган Ғарбий девор яқинидаги жой ва полиция ходимларига тош отган.

Фото: AP Photo

Фото: EPA

Associated Press хабарига кўра, полиция яҳудийларга 10 май — Қуддус куни нишонланадиган санада исломнинг учинчи муҳим зиёратгоҳи бўлган ал-Ақсага ташриф буюришни тақиқлаган. Қуддус куни 1967 йилги олти кунлик урушдан сўнг шарқий Қуддуснинг Исроил назорати остига ўтишини ёдга олиш куни ҳисобланади. Бу йил Қуддус куни мусулмонларнинг муқаддас Рамазон ойига тўғри келмоқда.

Фото: Reuters

Фото: Reuters

Фото: Reuters

Шарқий Қуддусдаги вазият 7 май оқшомида кескинлашди. Тўқнашувлар шаҳарнинг икки ҳудудида: Маъбад тоғи яқинида ва «Шайх Жарраҳ» маҳалласида содир бўлган. Исроил суди қарори билан у ердаги бир қатор араб оилаларининг чиқариб юборилаётгани норозиликларга сабаб бўлган.

Ўшанда фаластинликлар ва Исроил хавфсизлик кучлари ўртасидаги тўқнашувлар оқибатида 200 дан ортиқ одам жароҳат олди, улардан 88 нафари касалхонага ётқизилди.