Туркманистонда Вазирлар Маҳкамасининг 7 май куни бўлиб ўтган йиғилишида президент Гурбангули Бердимуҳамедов бош вазир ўринбосарларига «Менинг оппоқ шаҳрим — Ашхобод» номли янги китоби устидаги ишларни якунлаганини айтди. Бу ҳақда ТДҲ давлат ахборот агентлигига таяниб, «Хроника Туркменистана» хабар берди.
Хабарга кўра, Туркманистон пойтахтининг 140 йиллигига бағишланган мазкур китобда шаҳар тарихи, географияси, шунингдек, Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган кўплаб иншоотлар тасвирланган.
Президент бош вазирнинг қурилиш-саноат комплекси бўйича ўринбосари Шамухаммет Дурдилиев, ташқи ишлар вазири Рашид Мередов, бош вазирнинг маданият ва оммавий ахборот воситалари бўйича ўринбосари Мехрижамол Маммедова, шунингдек, Давлат хавфсизлик кенгаши котиби Чоримурат Омановга юбилей бошланишига қадар, яъни 25 майгача китоб тақдимотини ўтказиш тўғрисида кўрсатма берди.
Давлат раҳбари ушбу асар қизиқарли ва фойдали бўлишига ва Ашхободнинг юбилейига юртдошларга совға бўлишига умид билдирди. Учрашув якунида китоб бош вазир ўринбосарлари томонидан қабул қилинди.
Президентнинг навбатдаги китобни ёзаётгани ҳақида 22 март куни Туркманистон президентининг Ахалтекин от мажмуасига ташриф буюриб, янги туғилган тойчоққа пойтахт юбилейи шарафига Ашхобод номини берганида маълум бўлган эди. Мажмуада Бердимуҳамедов янги китобга киритиладиган «Менинг оппоқ шаҳрим — Ашхобод» шеърини пойтахтга бағишлаганини айтган.
Бу президентнинг 54-асари. Бундан аввалги «Туркманларнинг маънавий дунёси» китоби тақдимоти 2020 йил сентябрь ойида бўлиб ўтган. Ўшандан бери у хитой, япон, рус, грузин, украин ва ўзбек тилларига таржима қилиб келинган.
Аввалроқ Туркманистон парламенти «Хизмат кўрсатган итбоқар» ва «Халқ итбоқари» фахрий унвонларини таъсис этиш тўғрисидаги қонун лойиҳаларини қабул қилгани ҳақида хабар берилганди. 21 апрель куни Гурбангули Бердимуҳамедов ўз ўғлини «Туркманистонда хизмат кўрсатган итбоқар» унвони билан тақдирлади.
Бундан ташқари, Бердимуҳамедов Туркманистон пойтахтининг юбилейи куни туғилган биринчи чақалоққа Ашхобод деб исм қўйишни буюрган эди. Шунингдек, у театрларда «халқнинг бахтли ҳаёти» тўғрисидаги спектакллар йўқлиги сабаб маданият вазирига ҳайфсан берган.
Изоҳ (0)