Давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Президентининг маслаҳатчиси, таниқли олим ва педагог Рустам Қосимов 7 май куни оғир касалликдан сўнг вафот этди. Президент Шавкат Мирзиёев таъзияли хонадонга ташриф буюриб, марҳумнинг фарзандлари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Рустам Собирович Қосимов 1955 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент давлат университетининг шарқшунослик факультетида ўқиб, меҳнат фаолиятини Тошкент сув хўжалиги институтида араб тили таржимонлигидан бошлаган. Кўп йиллар олий таълим соҳасида турли вазифаларда ишлаган. 2004–2009 йилларда Ўзбекистон бош вазири ўринбосари сифатида фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий соҳалар ривожига ҳисса қўшган. Охирги йилларда Ўзбекистон Президентининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори вазифаларида ишлаб келаётган эди.

Рустам Қосимовнинг кўп йиллик меҳнати давлат томонидан муносиб тақдирланиб, 2006 йилда «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланган эди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, давлат раҳбарининг кўнгил сўраши оғир дамда марҳумнинг оиласига ҳамдардлик, катта далда бўлди. Қуръон оятлари тиловат этилиб, дуо қилинди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент марҳумнинг эзгу ишларини ёдга олди.

«Жуда қайғудаман. Қўлимиздан келганини қилдик. Худонинг иродаси экан. Ватанга садоқатли, фидойи, ақлли, миллатимизнинг зиёлиларидан бирини йўқотдик. Биз жуда кўп йиллар бирга ишлаганмиз, оғир кунларимиз ҳам бўлган. Ҳозир ҳам менга энг катта ёрдамчи, маслаҳатгўй эди. Илоҳим, жойлари жаннатда бўлсин. Ишларини фарзандлари давом эттирсин», – деди Шавкат Мирзиёев.

Фото: Президент матбуот хизмати

Марҳумнинг оиласи, фарзандлари доимий эътиборда бўлиши таъкидланди.

Бундан аввал Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Қаҳрамони Ҳасан Нормуродов, Ўзбекистон халқ артисти Мирза Азизов ҳамда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Худойберди Тўхтабоев вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирган эди.