«Реал» ҳужумкор ярим ҳимоячиси Лукас Васкес «Атлетико»га ўтишдан бош тортди.
«Матрасчилар» 29 ёшли футболчи билан боғланган ва унга шартнома таклиф қилган, бироқ Васкес «Атлетико»нинг таклифига раҳмат айтган ҳолда, бу масалани ўйлаб ҳам ўтирмаслигини маълум қилган. Испаниялик футболчи «Реал»га бўлган меҳри сабаб, азалий рақиб сафига ўтишни истамаган, дея хабар қилмоқда АS.
Васкеснинг амалдаги шартномаси 2020/21 йилги мавсум сўнгида ўз ниҳоясига етади. Футболчи мадридликлар билан янги, 3 йиллик битим имзолашга яқин турибди. Аввалига «Реал» Лукасга йилига 3,5 миллион евро маош таклиф қилган, бироқ бу таклиф уни қаноатлантирмаган. Кейин «Реал» таклифни 5 миллионгача оширган ва Васкес бу шартларга рози бўлган.
Агар «Реал» билан музокараларда муаммо юзага келса, у ҳолда испаниялик ўйинчи «Милан»га йўл олади. Миланликлар Васкесга яхшигина маош таклиф қилган, бироқ у камроқ пул топса ҳам «Реал»да қолишни истамоқда.
Таъкидланишича, Васкеснинг жамоада қолиши Серхио Рамоснинг «Реал»даги келажагига ҳам боғлиқ. Агар сардор Мадрид жамоаси билан шартномани узайтирса, Васкес аниқ «Реал»да қолади.
Эслатиб ўтамиз, Лукас апрель ойида олган жароҳати сабаб мавсум охиригача сафдан чиққан. У мавсум давомида нафақат ҳужум чизиғида ўйнади, балки ўнг қанот ҳимоячиси позицияда ҳам тўп сурди.
Ла Лига жорий мавсумида Васкес 24 ўйин ўтказиб, иккита гол ва 5 та голли узатма муаллифига айланди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)