«Тошкент метрополитени» корхонаси 28 апрель куни поезд тўхташи сабабларининг текшируви натижаларини эълон қилди.

Маълум қилинишича, Чилонзор йўналишида «Буюк ипак йўли» — «5-бекат» йўналиши бўйича ҳаракатланаётган поезд машинисти «Миллий боғ» ва «Novza» бекатлари оралиғида салбий вазиятнинг олдини олиш мақсадида фавқулодда тўхташни амалга оширган.

Унинг сўзларига кўра, поезд ҳаракатланаётган пайтда олдиндаги йўлда контакт рельсларни қувватловчи токоприёмникда учқун чиқаётганини кўриб қолган. Машинист бу ҳақда тезкорлик билан диспетчерга хабар берган.

Шундан сўнг йўналишдаги ҳаракат таркиблари электр таъминотдан узилган ва барча йўловчилар поезддан «Novza» бекатигача эвакуация қилинган.

Эслатиб ўтамиз, 28 апрель куни Тошкент метрополитенининг «Novza» бекати яқинида поезд вагони техник носозлик оқибатида тўхтаб қолди. Ижтимоий тармоқларда метро йўловчилари туннел бўйлаб пиёда кетаётгани акс этган видео ва фотолар тарқалди. Шундан сўнг ушбу линиядаги  поездлар  тескари йўналиш бўйлаб ҳаракатлана бошлади. Пойтахт метрополитени алоҳида участкаларда битта йўлдан фойдаланган ҳолда фаолиятини давом эттирилаётгани маълум қилинган.