Хўжанд шаҳрида 2021 йилнинг 24 апрель куни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва Тожикистон бош вазири Қоҳир Расулзода бошчилигидаги ҳукумат делегацияларининг учрашуви бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда ЎзА.

Фото: ЎзА

Унда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ўртасидаги очиқ ва конструктив мулоқот икки томонлама алоқаларни кўп векторли стратегик шерикликнинг янги босқичига чиқишига, икки қардош халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамфикрлик муҳитини мустаҳкамлашга ҳисса қўшгани қайд этилди.

Томонлар Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йилда Тожикистонга уюштириладиган ташрифига тайёргарлик кўриш нуқтаи назаридан икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.

Музокаралар чоғида товар айланмасини янада ривожлантириш учун салоҳиятли имкониятлар, саноат кооперациясини мустаҳкамлаш бўйича қўшма чора-тадбирлар, транспорт-коммуникация ва сув-энергетика соҳаларида ҳамкорлик қилиш, минтақалараро алоқаларни янада ривожлантириш каби масалалар кўриб чиқилди.

Бундан аввал Абдулла Арипов ва Жаҳонгир Ортиқхўжаев Тошкентдаги савдо объектларида карантин талабларига риоя этилишини ўргангани, Абдулла Арипов карантин қоидаларига риоя қилмаётган давлат идоралари раҳбарларини танқид қилгани ҳамда Абдулла Арипов Қозоғистон бош вазири Асқар Мамин билан учрашгани ҳақида хабар берилганди.