Қозоғистон Миллий статистика бюроси 4 май куни аҳоли сонига доир янгиланган маълумотларни тақдим этди. Бюро ҳисоботига кўра, мамлакат аҳолиси жадал ўсишда давом этмоқда ва мамлакатда яшаётганлар сони 20,5 миллион кишидан ошди. Бу ҳақда “Zakon.kz” хабар берди.
Статистик маълумотларда келтирилишича, 2026 йилнинг “бошида” Қозоғистон аҳолиси 20 499 822 кишини ташкил этган. 1 апрель ҳолатига кўра эса бу кўрсаткич 20 547 909 кишига етди.
Бу ўтган ойлар давомида аҳоли сони 48 087 кишига кўпайганини англатади. Ўсишнинг асосий қисми, яъни 42 879 нафари табиий кўпайиш (туғилиш) ҳисобига тўғри келади. Шунингдек, миграция сабаб аҳоли 5 208 кишига ошди.
Шаҳар ва қишлоқ аҳолиси, жинсий таркиб
Ҳозирда Қозоғистонда аҳолининг тақсимоти қуйидагича:
- шаҳар аҳолиси: 13 137 950 киши;
- қишлоқ аҳолиси: 7 409 959 киши.
Мамлакатда аёллар сони эркакларга қараганда кўпроқ. Хусусан, аёллар 10 503 236 нафарни, эркаклар эса 10 044 673 нафарни ташкил этмоқда.
Энг кўп аҳоли яшайдиган ҳудудлар
Ҳудудлар бўйича аҳоли сони бўйича қуйидаги ҳудудлар етакчилик қилмоқда:
1. Олмаота шаҳри — 2 359 052 киши;
2. Туркистон вилояти — 2 146 665 киши;
3. Остона шаҳри (пойтахт) — 1 662 755 киши.
Энг кам аҳоли яшайдиган ҳудуд сифатида Улитов вилояти қайд этилди. Бу ерда 218 420 киши истиқомат қилади.
Мамлакатдаги мавжуд миллатлар
“Халқ бирлиги куни” муносабати билан Статистика бюроси мамлакатдаги этник таркиб ҳақида маълумотлар
улашди. 2026 йил бошидаги ҳолатга кўра, Қозоғистондаги мавжуд миллатлар топ-15 талиги қуйидагича:
1. Қозоқлар — 14 664 202;
2. Руслар — 2 943 022;
3. Ўзбеклар — 695 557;
4. Украинлар — 367 547;
5. Уйғурлар — 309 164;
6. Немислар — 222 890;
7. Татарлар — 218 361;
8. Озарбайжонлар — 157 568;
9. Корейслар — 120 821;
10. Турклар — 93 234;
11. Дунганлар — 88 165;
12. Белоруслар — 73 788;
13. Тожиклар — 61 307;
14. Курдлар — 52 077;
15. Қирғизлар — 41 459.