19 апрель куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатасига Реклама индустрияси миллий ассоциациясининг тадбиркорлик субъектларига мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган Тошкент шаҳридаги ташқи реклама объектлари (конструкциялари) номаълум сабабларга кўра бузиб ташланаётганлиги тўғрисидаги мурожаати келиб тушган. Бу ҳақда палата матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Telegram

Палата томонидан зудлик билан ушбу масалани текшириш ва тадбиркорларнинг хусусий мулкини ҳимоя қилиш мақсадида Бош прокуратурага хат юборилган. Шунингдек, масалага ойдинлик киритиш мақсадида реклама объектларини демонтаж қилишга асос бўлган ҳуқуқий ҳужжатни ва шунга оид бошқа маълумотларни олиш юзасидан Тошкент шаҳар ҳокимлигига сўров юборилгани айтилмоқда.

Таъкидланишича, ҳозирда палатага аъзо бўлган 2 нафар тадбиркордан ушбу масала юзасидан келиб тушган мурожаатлар асосида судларга даъво аризалар киритиш масаласи кўриб чиқиляпти.

«Шу билан бирга, юқорида келтирилган ҳолатлардан жабр кўрган тадбиркорлик субъектлари ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш мақсадида даъво аризалар киритиш юзасидан Савдо-саноат палатасига мурожаат қилишлари мумкин», — дейилади ССП хабарида.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида юзлаб ташқи реклама конструкциялари ҳеч қандай ҳуқуқий асослар кўрсатилмасдан бузиб ташланаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Бизнес-омбудсман Тошкентдаги реклама баннерларининг бузиб юборилиши қонунийлигини ўрганишни бошлаган.