Фарғона вилояти Риштон туманида талончилик содир этган икки йигитга жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда ИИВ Тергов департаменти матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 18 апрель куни соат 19:30 ларда 21 ёшли М.А. ва Т.И. Риштон тумани «Чек Насриддин» маҳалласига танишининг олдига келган 22 ёшли Т.Ж.ни «маҳалладаги қизларнинг олдига нега келдинг?» деб, ҳеч бир сабабсиз унинг юзига уриб, ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли бўлмаган зўрлик ишлатиб, жами нархи 200 минг сўмлик курткаси ва бир жуфт оёқ кийими, 1 миллион сўмлик уяли телефонини очиқдан очиқ талон-торож қилиб, ҳодиса жойидан яширинган.
Олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида М.А. ва Т.И. процессуал тартибда ушланиб, улардан куртка, бир жуфт эркаклар оёқ кийими ва бир дона, Alcatel русумли телефон аппарати ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.
Ҳолат юзасидан Риштон тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан М.А. ва Т.И.га нисбатан Жиноят кодексининг 166-моддаси 2-қисми «в» банди (бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, талончилик содир этиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тергов департаменти бу турдаги жиноятлар учун Жиноят кодексининг нормаларига кўра, 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланишини эслатиб ўтган.
Аввалроқ Бухородаги хонадонлардан 10 дан ошиқ чорва молларини ўғирлаб кетган шахслар ушлангани, Тошкент вилояти Зангиота туманидаги «Бек-барака» савдо мажмуасида сотувчининг буюмларини талон-торож қилиб кетган аёллар қўлга олингани, Зангиотада 19 ёшли қизни кимсасиз жойга олиб бориб, уни тирноқ олувчи «кусачка» билан қўрқитиб, телефон ва тақинчоқларини ўмарган ҳайдовчи ушлангани ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)