«Кийиклар айрим одамлардан кўра тартиблироқ». Бўстонлиқдаги Қоронқўл қишлоғидаги кийикхонада бўлиб, шундай хулосага келдик. Атрофи сим тўсиқ билан ўралган қирнинг қуйи қисмида туриб, жониворларнинг тушишини кутарканмиз, улар саёҳатчилар учун белгиланган вақт — 16:00 га бир неча дақиқа қолганда пастлади.
Мавзуга доир: Сайёҳлар қўлидан сабзи еяётган оҳу: Ўзбекистонда ягона ҳисобланган агроэкотурзонага фотосаёҳат
Лекин биз, «Дарё» мухбирлари бу ерга сайёҳларнинг кайфиятини ёритиш учун келмаганмиз. Оғир аҳволдаги икки камёб жониворнинг сурати бизни 80 километрлик сафарга чорлади. Кийикларнинг касалланишига уларга нисбатан эскирган вакциналар қўллангани, вакциналарнинг эскиришига эса электр таъминоти суткалаб бўлмагани сабаб қилиб кўрсатилган суратнинг тагсўзида.
«Шукурки, бугун иккила кийик ҳам тўдага қўшилиб, юқорига чиқди, — дейди Corrida Food оилавий корхонаси раҳбари Бахтиёр Ҳожиматов. — Тошкентдан зудлик билан етиб келган мутахассислар ёрдамида зўрға тузатиб олдик. Уч кеча-кундуз йигитларим касал жониворлар устида туришди. Ўлиб қолишига бир бахя қолди».
Corrida Food корхонаси 2019 йил январида Австрия ва Словениядан 45 бош Европа кийиги ва 50 бош асл буғу олиб келган. Бунгача Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидаги иқлим, ўт-ўлан, сувнинг кийикларга мослиги обдон ўрганилган, охири Бўстонлиқнинг денгиз сатҳидан 1,2 минг метр баланд ҳудуди талабга мос деб топилган. Бу ерда дастлаб гидрогеология ёрдамида сув чиқаришга ҳаракат қилинган, бироқ бундан иш чиқмагач, 8 километр масофага қувур тортилиб, булоқ суви келтирилган. 5 километр сим тортилиб, электрга уланилган. Кийикларнинг қарийб бир йиллик мослашув давридан кейин қўриқхонага сайёҳлар киритила бошланган. Бугун кунда кийиклар сони 112 тага етган. Сайёҳлар ҳар куни икки маҳал бир соатдан — 11:00 дан 12:00 гача ва 16:00 дан 17:00 гача, шунда ҳам чекланган миқдорда киритилади — шунинг учун ҳам кийикхонага киришдан аввал Telegram’даги махсус алоқа канали орқали рўйхатдан ўтиш керак.
Соатлаб, суткалаб бўлмайдиган электр
Бўстонлиқдаги кийикчиликка ихтисослашган бу лойиҳа, айтишларича, нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиёда ҳам ягона. «Бу кийиклар не ҳасратда олиб келинган. Республика раҳбарияти, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, ветеринария мутасаддилари, вилоят ҳокимлиги, туман ҳокимлиги, хорижий ҳамкорлар... Қанчадан-қанча одамларнинг ёрдами билан иш бошлаганмиз. Биргина электр таъминоти корхонасининг масъулиятсизлиги билан шунча ғамхўрлик, шунча одамнинг меҳнати бир пул бўляпти», — дейди Бахтиёр Ҳожиматов.Раҳбарнинг «Дарё»га айтишича, энергия таъминот учун тўлов вақтида амалга оширилишига қарамай, қўриқхонада электр энергияси мунтазам ва узоқ вақтга ўчирилади. Қўриқхонага электр нега керак, дейсизми? Кийиклар табиий шароитда яшамаётгани учун уларни турли касалликларга қарши тегишли вакциналар билан эмлаб туриш керак. Бундай камёб вакциналарни олиб келиш ҳозирги пандемия даврида, авиақатновлар деярли йўқ даражада бўлган ҳозирги даврда айниқса оғирлашган. Шунча машаққат билан олиб келинган вакцинанинг сифати бузилмаслиги учун у музлатгичда сақланиши керак, музлатгич эса, ўзингиздан қолар гап йўқ, электрсиз ишламайди.
Музлатгич ишламагани учун сифати бузилгани тахмин қилинган бўлса-да, нархи 7—8 минг евро атрофида бўлган иккита асл буғу барибир шу вакциналар билан эмланган. Аввал ҳам бир неча марта айнан шу восита юборилган жониворларнинг аҳволи бу сафар ўта оғирлашган — шундан сўнг минг-минглаб валютага хориждан олиб келинган камёб вакцина яроқсизлиги аниқ бўлган, уларнинг бари ташлаб юборилган.
«Тушунамиз, чироқ бир соат ўчиши мумкин, икки соат ўчар, лекин электр суткалаб берилмаяпти. Ҳафтасига бир эмас, бир неча марта суткалаб электр берилмаслигига генератор ҳам чидамайди. Аслида ҳамма гап қўриқхонамизни учинчи тоифали электр энергияси истеъмолчиси эканлигида. Яъни, бизга исталган вақтда электр берилмаслиги нормал ҳолат экани қонуний жиҳатдан белгилаб қўйилган», — дейди қўриқхона иш бошқарувчи Баҳодир Худойбердиев.
Corrida Food масъулларининг билдиришича, 6 апрель куни соат 12:00 дан 21:00 гача электр таъминоти умуман бўлмаган. 9 апрель куни ҳам эрталабдан кечгача электр берилмаган. 11 апрель, якшанба куни соат тахминан 11:00 дан душанбанинг пешинигача «свет» бўлмаган. Бўстонлиқ туман электр тармоқлари корхонаси (ТЭТК) муҳандиси Равшан Юнусов ҳам дам олиш куни электр энергияси бир суткадан ортиқ берилмаганини тасдиқлади.
«‘Свет’ аварияда ўчган, ‘Ҳудудгазпойтахт’ корхонаси балансидаги линиядаги ҳолат туфайли электр берилмаган (қўриқхонага электр симлари унга қўшни оромгоҳдан тортилган, оромгоҳ ‘Ҳудудгазпойтахт’ корхонасиники — «Дарё»). Бу корхона биз билан техник хизмат кўрсатиш бўйича шартнома тузмаган, фақат трасформаторга оид шартнома тузган, улар ўз балансидаги линияни ўзи кўриб чиқиши керак. Масалан, линия ўчдими, бизга чиқади, ‘тармоқдан узиб беринглар’ дейди, биз узиб берамиз. Камчиликни топиб, бартараф қилиб, кейин ‘ёқиб беринглар’ дейди», — деб тушунтиради Юнусов.
«Унда нега телефон қилганингда диспетчерлар ‘электр бир соатдан кейин бўлади’, ‘ҳали замон бўлади’ деб ишонтиради? ‘Свет’ қачон бўлиши аниқмас деса эди, вакциналарни контейнер топиб бўлса ҳам шаҳарга олиб кетардик», — дея унга эътироз билдиради Бахтиёр Ҳожиматов.
Энг қизиғи, 11—12 апрелдаги электр узилиши «Ҳудудгазпойтахт» оромгоҳидаги эҳтимолий авария сабаб эмас, балки оромгоҳнинг электр линиясига қонунга зид равишда уланган бошқа истеъмолчиларнинг ҳудудидаги симга варрак ўралиб қолиши оқибатида юз берган. Маълум бўлишича, бошқа истеъмолчилар оромгоҳнинг электр линиясига туман электр тармоқлари корхонаси ходимлари томонидан улаб қўйилган.
«Қоранкул қишлоғидаги бир неча дала-ҳовли ва фермер хўжалиги ўзбошимчалик билан бизнинг электр линиямизга уланган, аниқроғи, уларни улаб қўйишган. 2020 йил кузда бу ҳақда туман электр тармоқлари корхонасига ёзма мурожаат қилганмиз. Мана, куз ўтди, қиш ўтди, ҳануз улар линиямиздан узилмаган. Уларнинг ҳудудида бирор ҳолат бўлса, биз балога қоламиз», — дейди оромгоҳ коменданти Ҳикмат Юсуфалиев.
Бўстонлиқ туман электр тармоқлари корхонаси вакили Равшан Юнусов 9 апрель куни салкам 15 соат электр берилмаганини шундай изоҳлади: «У куни жорий таъмирлаш ишлари бор эди». Таъмирлаш бўлса, истеъмолчиларни огоҳлантириб қўйса бўлмайдими? «Маҳалла фаоллар йиғини огоҳлантирилади», — деди Юнусов. «Биз юридик шахсмиз, бизни ҳеч ким огоҳлантиргани йўқ», — дея гапга қўшилди Бахтиёр Ҳожиматов. 6 апрель, сешанба куни салкам бир сутка «свет» берилмагани юзасидан эса Равшан Юнусов шундай деди: «Сешанба куни нима бўлгани эсимда йўқ».
Испанлар ҳайратда
Ўзбекистонда эркин саноат зонаси, эркин тиббиёт зонаси, эркин туризм зонаси каби ҳудудлар ташкил этиш орқали тадбиркорликни ривожлантириш мумкинлиги ҳақида 1990 йиллардан буён гапирилади. Аммо бу борадаги дастлабки амалий қадамлар сўнгги бир неча йилда қўйилди. Corrida Food оилавий корхонаси ҳам айнан шундай янги имкониятлар меваси. Корхона ҳозирда ички сайёҳликдан келаётган даромадни шу ерда ишлаётган 20 га яқин ходимга маош сифатида сарфлаяпти. Кийиклар ейдиган арпа ва сули ҳам корхонанинг қўшимча майдонларида етиштирилмоқда.«Энг асосий иш қилинди — кийиклар табиатимизга мослаштирилди, ҳозирча бирор талофотсиз кўпаймоқда. Туяқуш ҳам олиб келинди. Энди товус каби ноёб жониворлар бўйича лойиҳалар тайёрланаяпти. Уларга ҳам вакцина керак. Лекин келиб-келиб биргина электр таъминоти масаласи ишимизни чиппакка чиқариши мумкин», — корхона иш бошқарувчиси Баҳодир Худойбердиев.
Corrida Food’нинг асосий фаолияти кийик шохларини фармацевтика корхоналарига етказиб беришга йўналтирилган. Таъкидланишича, биргина Янги Зеландиянинг ўзи Япония, Корея, Хитой фармацевтикаси учун ҳар йили 5 минг тонна кийик шохи экспорт қилади.
«Буғуларимиз шохини табиий равишда ташлаяпти. Лекин бунда шохлардаги доривор воситалар фоизи анча камаяди. Ҳозир шохларни қотмасидан кесиш, унга ишлов бериш мосламалари хориждан келтириш арафасида турибмиз, пандемия сабаб кечикди. Жараёнда шохларни қайнатиш ва зудлик билан совутгичга қўйиш, яна қайнатиш ва музлатиб қўйиш, аниқ бир ҳароратда қатъий сақлаш каби талаблар борки, агар электр таъминотида муаммо бўлаверса, йил бўйи қилинган меҳнат йўққа чиқади», — дейди у.
Электр таъминотидаги бу муаммолар, табиийки, доривор шохларни сотиб олиш учун шартнома тузган хорижий ҳамкорларнинг ҳам ишончини сўндиради, хафсаласини пир қилади. Айтишларича, корхона раҳбарлари чет эл мутахассислари билан, жумладан, Мадриддаги Халқаро кийикчилик уюшмаси билан мунтазам алоқада. Икки кийик ўлар ҳолга келиб қолганида ҳам испан ветеринарларига маслаҳат солинган.
«Электр ўчиб қолиб, шундай бўлди, десак, испанлар: ‘Вой, электрни нега ўчирдинглар?’ дейди. Ҳолатни тушунтиролмайсан ҳам, тушунтиришга уяласан киши», — дея афсусланиб гапиради қўриқхона раҳбари Бахтиёр Ҳожиматов.
Ечим қандай бўлади?
Бўстонлиқ туман электр тармоқлари корхонаси муҳандиси Равшан Юнусовнинг айтишича, қўриқхонани иккинчи тоифали электр энергияси истеъмолчига айлантириш орқали муаммони ҳал қилиш мумкин (қўриқхона, юқорида таъкидланганидек, ҳозирда учинчи тоифага киради). «Иккинчи тоифада электр таъминоти икки томонлама бўлади. Қуёш батареясими, дизелми, шамол электр мосламасими, фарқи йўқ, иккинчи линия бўлади», — дея тушунтиради муҳандис.Тоифани ўзгартириш учун эса Ягона дарча хизматига мурожаат қилиш керак. «Исташса, электр тармоқлари корхонасига мурожаат қилишса, шартнома тузилса, қурилишидан бошлаб лойиҳасигача тайёрлаб берилади. Шартнома шартлари маъқул келмаса, шундай ишлар билан шуғулланадиган хусусий фирмалар ҳам бор», — дея қўшимча қилди Бўстонлиқ туман электр тармоқлари корхонаси вакили.
Corrida Food раҳбарияти эса «Дарё» мухбирлари қўриқхонага келиб, вазиятни ўрганмагунича электр тармоқлари корхонасидан ҳеч ким уларнинг шикоятини тайинли тингламаганини, корхона вакиллари: «Сизлар учинчи тоифадаги истеъмолчисизлар», деб уларнинг ўзини айбдор қилишдан нарига ўтмаганини таъкидлади. Умид қиламизки, масъуллар ушбу масалани ҳал қилиш чорасини кўради, кийиклар эса бундан буён электр йўқлиги учун ўлар ҳолга тушмайди.
Мустаҳкам Тангриёрова ва Мусулмонбек Иброҳимов тайёрлади
Изоҳ (0)