Москвада Олий иқтисодиёт мактаби ва Москва давлат университети собиқ профессори, биолог Николай Формозов Алексей Навальний билан бирдамлик белгиси сифатида очлик акциясини эълон қилди. Акцияни 40 дан ортиқ киши қўллаб-қувватлади, деб ёзади Meduza.

Фото: Reuters

Покров колониясида жазо ўтаётган ва яқинда очлик эълон қилган сиёсатчини қўллаб-қувватлаш учун Формозов 10 апрель куни акцияни бошлаган. У ўзининг очлик акциясига исталган одам қўшилиши мумкин бўлган Facebook гуруҳини очган. Ҳисобларга кўра, айни пайтда акцияни 46 киши қўллаб-қувватлаган.

Формозов ўз ҳаракатининг асосий мақсади колониядаги фуқаролик шифокорларини Навальнийни текширувдан ўтказишга ва унга малакали тиббий ёрдам кўрсатишга чақириш эканини таъкидлади. «Мен биолог сифатида Алексейнинг ҳаёти хавф остида эканини ҳамда фақат фуқароларнинг оммавий бирдамлиги ва унинг талабларини қўллаб-қувватлашгина вазиятни ўзгартириши мумкинлигини яхши тушунаман», — деди биолог Россиядаги «Озодлик» радиосига берган интервьюсида.

Федерал жазони ижро этиш хизмати Алексей Навальний ахлоқ тузатиш муассасасидан маҳкумлар учун ажратилган вилоят касалхонасига кўчирилаётганини маълум қилди.

Касалхона Владимир шаҳридаги ИК-3 ҳудудида жойлашган. Федерал бўлим Навальнийнинг соғлиғини «қониқарли» деб атаган.

«Айни пайтда Алексей Навальнийнинг соғлиғи қониқарли деб баҳоланмоқда, у ҳар куни умумий амалиёт шифокори томонидан текширувдан ўтказилмоқда. Беморнинг розилиги билан унга витаминли терапия буюрилди», — дейилади федерал бўлим баёнотида.

31 март куни Навальний очлик эълон қилган эди. «Мен шифокор чақириш ва дори-дармонлар олиш ҳуқуқига эгаман. Аммо шифокор ҳам, дорилар ҳам олиб келинмаяпти. Белимдаги оғриқ оёғимга ўтди. Дастлаб ўнг, кейинчалик чап оёғимнинг сезиш қобилиятлари йўқолди. Ҳазил ҳазил билан, бироқ вазият кескинлашиб бормоқда. Қонун ижроси таъминланмагани ва ҳузуримга шифокор олиб келинмагани сабабли очлик эълон қилдим», — дейилади Навальний хабарида.

Аввалроқ The New York Times таҳририяти Россия президенти Владимир Путинга мухолифатчи Алексей Навальнийни шифокор кўригидан ўтказиш, унинг аҳволи қай даражада оғирлигини баҳолаш ва агар зарур бўлса, сиёсатчини интенсив терапияга юбориш сўрови билан мурожаатнома эълон қилди. «Агар Путин Навальнийнинг колонияда ўлишига қўйиб берса, ‘қотил’ деган номни оқлаган бўлади», — деди мурожаат муаллифлари.

Шунингдек, АҚШ президенти маъмурияти сиёсатчи Алексей Навальний колонияда вафот этган тақдирда Россияни жавобгарликка тортиш бўйича бир нечта чораларни кўриб чиқмоқда.