Қурилиш вазири Ботир Зокиров Самарқандда ўтказилган матбуот анжуманида акциядорлари орасида унинг ўғли ва турмуш ўртоғи бўлган «Трест-12» компанияси бир нечта давлат харидларини тендерсиз қўлга киритгани ҳақидаги хабарларга ўз муносабатини билдирди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Фарҳод Норбўтаев хабар бермоқда.

Қурилиш вазири Ботир Зокиров.

Фото: «Дарё» / Фарҳод Норбўтаев

Қурилиш вазирининг таъкидлашича, «Трест-12» компанияси узоқ йиллик тарихга эга бўлиб, бундай ташкилот республикада кам сонли ҳисобланади.

Мен ўзим бу ташкилотда 20 йилдан ортиқ вақт давомида ишлаганман. Бу ерда менинг яқинларим, устозларим, 8-10 нафар синфдошларим ҳам ишлаган. Бизда битта тартиб бор, иш вақтида қариндошчилик, таниш-билишчилик деган гап йўқ. Ҳамма нарса қатъият билан олиб борилади. Иш иш билан. Дўстлик, қариндошчиликнинг ўз жойи бор. Бошқачасига иш юритиб бўлмайди. Мен ҳозир бу ташкилотда ишламайман. Адашмасам, 11 йил бўлди. Бугун кўпчилик савол бермоқда. Нега бу ташкилот тендерсиз қурилишларни ютиб олмоқда? Мен битта нарсани айтишим керак, ташкилотнинг 51 фоиз акцияси давлат улуши ҳисобланади ва ташкилот тўлиқ давлат бошқарувида. Мен ёки менинг оиламнинг умуман алоқаси йўқ.

Ботир Зокиров, қурилиш вазири

«Трест-12» 1994 йилда ташкил топган. Унинг раҳбари сифатида Фаҳриддин Назиров кўрсатилган. Акциядорлар орасида Тошкент шаҳар ҳокимлиги (51,1%), Муаззам Саидаҳматовна Зокирова (19,1%), Жасур Ботирович Зокиров (14,1%), Муҳайё Октябревна Зокирова (13,1%) ва 12 нафар жисмоний шахс (2,6%) бор. «Gazeta.uz» маълумотларига кўра, Жасур Зокиров ва Муҳайё Зокирова қурилиш вазири Ботир Зокировнинг ўғли ва турмуш ўртоғи ҳисобланади. Ботир Зокиров Самарқанддаги матбуот анжуманида оиласи эгалик қиладиган акциялар ҳақида гапирмаган.

Ботир Зокиров 11 йил олдин компанияни тарк этганини гапирган бўлса-да, «Gazeta.uz»га кўра, 2019 йил июль ойида қурилиш вазирининг ўринбосари бўлиб ишлаб юрган вақтида ҳам «Трест-12» акциядорлари рўйхатида бўлган.

Ботир Зокиров компанияга Олий Мажлис биносини реконструкция қилиш учун тендерсиз 16,54 миллиард сўм ажратилганига ҳам тўхталиб, бу ишларга ўзининг алоқаси йўқлигини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, корхона узоқ йиллардан буён катта маъмурий биноларни қуриб, таъмирлаб келган.

Нимага айнан ‘Трест-12’ мана шунақа биноларни қуриш ёки таъмирлаш ишларини тендерсиз ютиб олади? Сабаби бунақанги биноларни қурадиган ёки таъмирлайдиган ташкилотларнинг ўзи жуда ҳам кам. Шу вақтга қадар бу ташкилот таъмирлаган бирорта объектда сифатсиз ёки талабга жавоб бермаган, деган ҳолат бўлмаган. Бу ташкилот зарарга бўлса ҳам, объектнинг қурилишини охирига етказади. Бу ташкилот узоқ йиллар ўзи тўплаган имижига путур етказгиси келмайди. 12-трестнинг ўз концепцияси бор. Истасангиз, ўша ташкилотнинг ўзида ҳам матбуот анжумани ташкил қилиб бераман. Ўша ерда муҳитни кўриб, кимлар ишлаётганига гувоҳ бўласиз.

Ботир Зокиров, қурилиш вазири

Вазирнинг таъкидлашича, «Трест-12» компаниясига айрим объектларнинг тўғридан-тўғри берилишининг сабаблари бор. Ташкилотнинг тарихи, ишидаги сифати ва яхши кадрлари бор. Шунингдек, корхонанинг ўзига яраша қонун-қоидалари бор.

Тушунарли бўлиши учун битта нарса айтиб ўтмоқчиман, 1999 йилда Тошкентда теракт бўлгандан кейин бир соат ўтиб ‘Трест-12’ ходимлари таъмирлаш ишларини бошлаб юборган. Худди шунингдек, Бош прокуратурада содир бўлган терактдан сўнг ҳам таъмирлаш ишларини улар олиб борган. Мана шунинг ўзи ҳам ижтимоий тармоқларда тарқалаётган саволларга жавоб бўлади. Менинг ўзимнинг эсимда турибди. Ўша Бош прокуратурада бўлган терактдан сўнг бутун бинони ёпиб қўйиб, кечаси билан ишлаган ходимлар. Деворлардан одамларнинг қолдиқларини олишган.

Ташкилот 1999 йилги терактдан сўнг 22 қаватли бинонинг 6 қаватини ‘кесиб ташлаган’. Бу ташкилотнинг технологияси яхши. Мен ўшанда кўрганман, 70-80 сантиметрли деворни ҳеч қандай қийинчиликсиз кесиб ташлаш мумкинлигини.

Ботир Зокиров, қурилиш вазири

Ботир Зокиров «Трест-12» Сенатнинг биносини қургани, яқинда Вазирлар Маҳкамасини иккинчи маротаба реконструкция қилганини ҳам қўшимча қилди. У «Трест-12»га тушаётган буюртмаларнинг унга иссиқ-совуғи йўқлигини таъкидлади.

Трестга тушаётган бинолар масаласини мен ҳал қилмайман. Буни ҳал қиладиган ўзининг буюртмачилари бор. 51 фоиз давлат улуши бўлганидан сўнг менга бунинг совуғи ҳам, иссиғи ҳам йўқ. Мен ўзимга эп билмайман бу ишларга аралашишни. Бу масалада менда ҳеч қандай қизиқиш йўқ. Давлат 51 фоизини сотадиган бўлса, менда қизиқиш бўлади. Ўшанда мен вазир бўлиб ишлашим мумкин бўлмай қолади. Шунақа бўладиган бўлса, мен ариза ёзиб кетаман. Чунки менинг бошқа иложим йўқ. Мен у ташкилотда ишлаётган одамларга сен ишдан бўшаб кет, деб айтолмайман. Ундан кўра ўзим бўшаб кетаман.

Ботир Зокиров, қурилиш вазири

Аввалроқ Тошкентнинг Шароф Рашидов кўчасидаги (Мустақиллик майдони ёнида) маъмурий бино реконструкцияси ва фаввора остига автотураргоҳ қурилишига 431,5 миллиард сўм сарфланиши мумкинлиги маълум бўлганди. Ушбу лойиҳа пудратчиси сифатида «Трест-12» АЖ танланган. Худди шу компания Олий Мажлис Қонунчилик палатаси биносини жорий таъмирлаш ҳамда фасад қисмини реконструкция қилиш бўйича 16,5 миллиард сўмлик давлат харидини тендерсиз қўлга киритган эди.

«Трест-12», шунингдек, Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказини қуриш бўйича 988,2 миллиард сўмлик лойиҳага ҳам тендер савдоларисиз эга чиққан эди. Шунингдек, «Трест-12» тендер танловларисиз Тошкентда 988,2 миллиард сўмлик Ислом цивилизацияси марказининг қурилиш лойиҳачиси бош пудратчига айланган.

Ҳозирда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги «Трест-12» билан боғлиқ давлат харидларини ўрганмоқда.