«Барселона» клуби ва Аргентина терма жамоаси ҳужумчиси Лионель Месси Жанубий Америка футболчилари учун 50 минг дона коронавирусга қарши вакцина сотиб олиш жараёнида қатнашди.
The Guardian нашрининг хабар қилишича, Месси Аргентина чемпионатидан тортиб, Жанубий Америка футбол мусобақаларида қатнашадиган барча футболчилар Америка Кубоги мусобақасига қадар коронавирусга қарши эмланишини истамоқда.
Месси Sinovac вакцинасини ишлаб чиқараётган Хитой компаниясига ўз имзоси туширилган учта футбол экипировкасини юборган ва Уругвай президенти Луис Альберто Лакалье Поу бошчилигида амалга оширилаётган келишувни юзага чиқаришга ёрдам берган. Компания вакиллари футболчининг шахсан ўзидан қабул қилиб олинган совғадан мамнун эканини маълум қилган.
Шу билан бирга футболчилар учун бунча миқдордаги вакцинанинг олиниши Уругвайда норозилик кайфиятини келтириб чиқарган. Ҳозирда мамлакатда коронавирус билан касалланиш дунёдаги энг юқори кўрсаткичлардан бири бўлиб турибди.
Аввалроқ УЕФА Евро—2020 мусобақасининг барча иштирокчиларини вакцинациядан ўтказиш ҳақида режа қилаётгани хабар қилинганди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)