Фарғонада ҳайдовчи Damas’да 28 нафар боғча боласини олиб кетаётгани аниқланди. Бу ҳақда «Менинг юртим» телеканали «Марказий студия» информацион дастурида маълум қилинди.

ЙПХ ходимлари машинани тўхтатганда, машина салонида 28 нафар боғча тарбияланувчиларини олиб кетаётгани аниқланган. Damas’нинг олд ўриндиғининг ўзида 5 нафар бола жойлаштирилган. Машинанинг орқа эшиклари яхши ёпилмагани ҳам қайд этилган.

Ҳайдовчидан тегишли ҳужжатлар талаб қилинганида ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳам, бошқа ҳужжатлар ҳам ёнида йўқлиги аниқланган.

Маълум қилинишича, ҳайдовчига тегишли чора кўрилади, Damas эса жарима майдончасига олиб борилади.

«Бироқ ушбу болаларга жавобгарликни ўз зиммасига олиб, лекин ўз касбига бефарқ бўлиб болалар боғчасидан мазкур кичкинтойларни бегона шахсга бериб юборган МТТ вакиллари-чи? Барча ҳолатларни била туриб, болалар ҳаётини хавф остига қўйган ота-оналар-чи?», — дейилади хабарда.