Ижтимоий тармоқларда «Беруний» метро бекатида икки поезд тўқнашгани айтилган видео тарқалди. Воқеа юзасидан Тошкент метрополитени расмий изоҳ берди.

Қайд этилишича, 7 апрель куни соат 8:40 да, техник сабабларга кўра «Ғофур Ғулом» бекатида йўловчилар поезддан туширилиб, захирага келган навбатдаги поездга ўтказиб юборилган. Йўловчилар туширилган поезд бошқа поезд ёрдамида шатакка олиб «Беруний» бекатига олиб келинган. Ушбу вақтда ҳолат йўловчи томонидан видеога олинган.

Компания томонидан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки интернетда ёлғон маълумот тарқатганлик учун жавобгарлик борлиги эслатиб ўтилган.

Бундан аввал Тошкентда 8 апрель куни Сергели ерусти метросида поезд ярим йўлда тўхтаб қолиб, йўловчилар темир йўл бўйлаб пиёда юришга мажбур бўлгани, «Тошкент метрополитени» УК раҳбарияти воқеа жойида вазиятнинг сабабларини аниқлаётгани ҳақида хабар берилган эди. Тўхтаб қолган метро йўналиши — Олмазор станциясидан Қипчоқ станциясигача бўлган оралиқда вақтинчалик автобус йўналиши ҳаракати йўлга қўйилган. «Тошкент метрополитени» УК матбуот хизмати Сергели йўналишидаги поездлар ҳаракати соат 16:45 да тикланганини маълум қилди.