Санкт-Петербургнинг Петроград туманида Ўзбекистон фуқаросига қилинган ҳужум бўйича суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда, дея хабар бермоқда «78.ru».
Маълум қилинишича, 6 апрель куни соат 16:30 атрофида милиция бўлимига Харе оролида жойлашган «Корюшка» ресторанининг ёнида пичоқлаб кетилган шахс ҳақида маълумот келиб тушган.
Воқеа жойига етиб келган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ходимлар томонидан қорин бўшлиғи пичоқ билан яраланган 22 ёшли Ўзбекистон фуқароси аниқланган. Жароҳатланган шахс тез ёрдам бригадасига топширилган.
Жароҳатланган йигит рус тилини яхши билмаслиги сабаб ҳеч нарсани тушунтиролмаган. Ҳозирда у оғир аҳволда Елизавет касалхонасига ётқизилган.
Бироз вақт ўтгач, Ўзбекистоннинг 21 ёшли фуқароси Чкаловский проспектида жиноят содир этганликда гумон қилиниб ҳибсга олинган. Айни пайтда жиноий иш қўзғатиш масаласи ҳал қилинмоқда.
Бундан аввал Санкт-Петербургда ўзбекистонлик микроавтобус ҳайдовчисига пичоқ билан ҳужум қилган шахс қўлга олингани, Истанбулда ўзбекистонлик дея гумон қилинган марҳум йигитнинг шахсига аниқлик киритилгани ҳамда Санкт-Петербург метросида маст ҳолда полициячиларга ҳужум қилган ўзбекистонлик 10 ойга қамалгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)