Яқинда француз тилида эфирга узатилишни бошлаган CGTN Хитой давлат телекомпаниясининг веб-сайтида чоп этилган мақолада «Хитойда етти йилдан бери яшаётган франциялик эркин журналист» қандайдир Лорен Бомон уйғурларнинг геноцид ва таъқибларига оид айбловларни рад этди. Бу ҳақда Le Monde газетаси хабар берди.

Фото: tjournal.ru

CGTN веб-сайтида Лорен Бомон «Франциялик журналист-фрилансер»дейилган бўлиб, у «қарийб етти йилдан бери яшаб келаётган Пекинга келишидан олдин Парижнинг турли хил нашрларида» ишлаган.

Бироқ Le Monde бу ном Франция профессионал журналистлари гувоҳномаси комиссияси томонидан рўйхатга олинмагани ва унга матбуот карталари берилмаганини айтмоқда.

Le Monde, шунингдек, шубҳага соладиган «нофаоллик» ҳақида таъкидлаб, Хитойда кўп йиллар яшаган ва «Францияда бир нечта нашрларда ишлаган» журналист сифатидаги обрўсига қарамасдан, ижтимоий тармоқларда Бомоннинг деярли бирорта материали чиқмаганини қўшимча қилди.

2021 йилнинг март ойида Бомон номи билан очилган Twitter аккаунтидаги профил фотосурати фотобазадан олинган бўлиб, бошқа шахсга тегишли.

Лорен Бомон CGTN веб-сайтидаги материалида уйғур аёллар стерилизациясини ва мусулмон озчиликнинг мажбурий меҳнатини қоралайдиганлар томонидан тузилган айбловларни рад этади.

Унинг таъкидлашича, йирик хорижий брендларнинг Шинжон пахтасидан фойдаланишни тўхтатиш тўғрисидаги қарори «сабр косани тўлдирди». Бомон ўзи «уйғурлар ишининг ҳиссиётга берилган тарафдорлари» деб атайдиган тадқиқотчиларнинг маълумотларига қарамасдан, Хитойда қайта тарбиялаш лагерлари йўқлигини айтган.

CGTN каналининг француз тилидаги веб-сайти журналистнинг «ўйлаб топилиши» бўйича айбловларни рад этмоқда. CGTN  Лорен Бомоннинг Шинжонда яшаши тўғрисида «аниқ далиллар», шунингдек, «кўплаб фотосуратлари ва ҳаттоки мазкур шаҳар фуқароси бўлган киши билан никоҳи тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси» борлигини даъво қилмоқда.

Канал веб-сайти бу ном журналистнинг тахаллуси эканини ва ортиқ унинг қўлланилмаслигини айтди: «ўзи ва оиласининг хавфсизлигидан хавотирланиб, Лорен Бомон тахаллуси остидаги журналист келажакда бу номдан фойдаланмасликка қарор қилди».

«Биз француз журналистлари Хитой фойдасига ўз фикрини билдирган тақдирда, қандай хавфга қолишини биламиз», —дейилади телеканал хабарида.

Аввалроқ Хитойда пахта етиштиришда уйғурлар мажбурий меҳнатга жалб қилиниши ҳақидаги баёнот сабаб H&M ва Nike маҳсулотларига қарши норозилик кампанияси бошлангани, АҚШ Хитойдаги Шинжон қурилиш ва ишлаб чиқариш корпуси билан боғлиқ компаниялардан пахта ҳамда текстиль маҳсулотларининг импортига тақиқ қўйгани ҳақида хабар берилган эди.

Шинжонда содир бўлаётган воқеалар муҳокамаси Хитойдаги энг можароли мавзулардан бири ҳисобланади. Маҳаллий ижтимоий тармоқларда фойдаланувчилар ҳудуддаги вазият муҳокамаси, у ердаги ҳолатларни шунчаки эслаб ўтгани туфайли ҳам тез-тез блокланади. Human Rights Watch ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилоти таҳлилчилари ғарб брендларига қарши кампаниянинг ҳукумат учун жиддий оқибатлар олиб келиши мумкинлигини тахмин қилган. Сабаби аввал Шинжонда уйғурларнинг ҳуқуқлари поймол бўлаётгани ҳақида билмаган фойдаланувчилар вазиятга жиддий қизиқишни ва ижтимоий тармоқларда у ерда ҳақиқатан нима бўлаётгани ҳақида ахборот излашни бошлаб юборган.