Россияда велосипедлар нархи бошланаётган янги мавсумда 10—35 фоизгача қимматлашиши мумкин. Бу ҳақда Meduza хабар берди.
Дистрибьюторлардан олинган маълумотларга кўра, кўплаб хорижий ишлаб чиқарувчилар илгари режалаштирилган етказиб бериш муддатини бир чоракка кечиктирди, энди март ойида мўлжалланган велосипедлар ёз фаслининг бошида савдога қўйилиши кутилмоқда.
Танқислик 2020 йил бутун дунёда пандемия сабабли велосипед савдосининг ўсгани билан боғлиқ. Улар карантинда кўнгил очиш воситаси, шунингдек, жамоат транспортига ўриндош сифатида сотиб олинган.
Шунингдек, Европа Иттифоқи ва АҚШда карантин сабабли кўплаб корхоналар маълум муддат фаолият кўрсатмади. Россияда озиқ-овқат етказиб бериш хизматларининг тез ўсиб бораётган сегментида курьерлар томонидан велосипедга бўлган қўшимча талаб пайдо бўлди.
Аввалроқ БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси (UNECE) экологик тоза шаҳар транспортини ривожлантириш бўйича кўрсатмалар ишлаб чиқди. Унда, шунингдек, шаҳар аҳолисининг экологик тоза ҳаракатланиш усуллари муқобили, шу жумладан, велосипедлар, скутерлар ёки пиёда юриш таклиф этилмоқда. Намуна сифатида мутахассислар Олмаота, Москва ва Копенгаген тажрибасини келтирган.
Изоҳ (0)