Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Кемалар қатнови бўйича Lloyd’s List компанияси ҳисоб-китобларига кўра, Сувайш каналида саёзликка тиқилиб қолган Ever Given контейнер ташувчи кемаси томонидан кемалар йўлиниг тўсиб қўйилиши жаҳон савдосига соатига 400 миллион долларга тушмоқда. Бу ҳақда Forbes хабар берди.

Фото: EPA

Фото: EPA

Ушбу сумма ҳар куни канал орқали кемаларда олиб ўтиладиган товарлар нархига асосланган. Ғарбий йўналишда қатнайдиган маҳсулотлар нархи кунига 5,1 миллиард доллар, шарқий йўналишда эса 4,5 миллиард долларни ташкил қилади.

«Кема каналда тиқилиб турган ҳар бир кун сайин нормал юк оқимидаги ушланиб қолишлар ортиб бормоқда», — деди Миллий чакана савдо федерацияси етказиб беришлар занжири ва божхона сиёсати бўйича вице-президенти Жон Голд.

Африкани Осиёдан ажратиб турувчи Сувайш канали орқали бутун жаҳон савдосининг 12 фоизга яқини ўтади. Суюлтирилган табиий газ, нефть (ишлов берилмаган) ва тозаланган нефть каби энергия манбалари экспорти жаҳонга маҳсулотлар етказиб беришнинг 5 фоиздан 10 фоизгачасини ташкил қилади. Канал трафигининг қолган қисми — асосан истеъмол товарларидан иборат.

Кемалар эгалари манфаатларини ҳимоя қилувчи халқаро кемалар қатнови уюшмалари орасида энг йириги бўлган BIMCO фикрича, Сувайш каналининг маҳсулотлар етказиб берилишига таъсири энди фақат ўсиб боради.

Истеъмол товарлари ортилган минглаб контейнерлар ушланиб қолиши билан биргаликда, саёзликка ўтириб қолган кема Хитой экспорти учун асосий бўлиб ҳисобланадиган бўш контейнерларни ҳам тўхтатиб қўйди.

Хитойлик ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотларига нисбатан кескин ўсган талабга қараб ишламоқда. Пандемия туфайли ҳамма жойларнинг ёпилиши сўнгги бир йил ичида истеъмолчилар талабини ошириб юборди.

Натижада миллионлаб контейнерлар ортилган кемаларнинг тўхтовсиз қатнови портларда тирбандликларни юзага келтирди ва юкларга ишлов берилишини секинлаштирди.

Эслатиб ўтамиз, Хитойдан Нидерландияга йўл олган контейнерларни ташувчи энг йирик кемалардан бири Ever Given 24 мартга ўтар кечаси Сувайш каналига тиқилиб қолди. 400 метрлик кемани каналдан олиб чиқиш ҳаракатлари бесамар кетмоқда.

Кема ушбу канал орқали ҳаракатни бутунлай тўхтатиб қўйди. Дастлаб кемалар қатнайдиган йўлни очишга икки-уч кун кетиши тахмин қилинган эди. Аммо мутахассислари айни пайтда Ever Given’ни саёзликдан чиқариб олишга уринаётган Boskalis компанияси раҳбари Питер Бердовски айтишича, бунга ҳафталаб вақт кетиши мумкин. «Эҳтимол, кемадан контейнерларни, ёқилғи ва сувни олиш, шатакчилардан фойдаланиш ва қумни ювиб юбориш каби бир неча хил усулларни биргаликда қўллашга тўғри келар», — деган у.

Айни пайтда Ever Given контейнер ташувчи кемаси атрофидаги сув тубини қазиш ишлари бошланди. Сув тубини чуқурлаштириш ишлари махсус кемалар ёрдамида контейнер ташувчи кеманинг ҳар томони бўйлаб олиб борилмоқда. Шунингдек, экскаваторлардан ҳам фойдаланилмоқда, улар кеманинг олд қисмидаги қумни олиб ташламоқда, улкан шатакчи кемалар эса уни каналнинг чуқурроқ қисмига тортиб боришга уринмоқда.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Маҳаллий
Ўзбекистон энергетикаси: ортаётган талаб, тақчиллик ва кўрилаётган чоралар ҳақида
Дунё
Қирғизистонда 9 кишида “Цефтриаксон”га аллергик реакция кузатилди, бир киши вафот этди
Маҳаллий
Беш йилда 218 мингдан кўпроқ хонадон. Ўзбекистонда уй-жой муаммоси қандай ҳал этилмоқда?