Япониянинг атиги 3,5 фоиз аҳолиси ортиқча вазнга эга ва бу дунёдаги энг паст кўрсаткичлардан бири ҳисобланади. Уларнинг турмуш тарзи ва овқатланиш билан боғлиқ амал қиладиган қоидалари вазн ташламоқчи бўлган аёл-қизлар учун айни муддао.

Фото: Cosmopolitan

Гуруч

Осиё ошхонаси, хусусан, японлар таомномасида муҳим рол ўйнайдиган гуруч нафақат гарнир сифатида, балки нон ўрнига ҳам истеъмол қилинади. Таркибида углевод кўп эканлигига қарамай ушбу маҳсулот японлар парҳезининг асосий элементи ҳисобланади. Бироқ уларнинг гуручни тайёрлаш услуби биз билгандан фарқ қилади. Японлар гуручни туз ва ёғ қўшмасдан, энг қизиғи қайнатмасдан сувга ивитиб тайёрлайди.

Балиқ ва денгиз маҳсулотлари

Ёғли гўшт истеъмол қилмайдиган японлар кунлик таомномасини балиқсиз тасаввур қила олмайди. Мунтазам равишда истеъмол қилинганда ҳам семиртириб юбормайдиган балиқ маҳсулоти организмни фойдали моддалар билан таъминлайди. Денгиз маҳсулотлари юрак-қон томир касалликлари ҳамда қалқонсимон без билан боғлиқ муаммоларнинг келиб чиқиш хавфининг олдини оладиган омега-3 ёғ кислотаси ва ёднинг кони ҳисобланади.

Сарвқоматлик сири нимада?

Кам порцияда овқатланиш

Японлар ҳеч қачон кўп овқат тановул қилмайди, кам-камдан тез-тез овқатланади ва болалигидан бунга ўргатилади.

Таомнинг тайёрлаш усули

Японлар ратционида қовурилган таомни учратиб бўлмайди. Кун давомида улар парда димлаб пиширилган ёки қайнатилган таомларни истеъмол қилади.

Кўк чой

Антиоксидантларнинг кони бўлган кўк чой нафақат қариш жараёнининг олдини олади, балки вазн ташлашга ҳам ёрдам беради. Айнан шу сабаб ҳам японлар кун давомида чой ичишни канда қилмайди.

Соя

Оқсилларга бой, ёғсиз ва калорияси кам бўлган соя деярли барча япон таомларига қўшилади. Шу сабаб ҳам японларда мушаклар учун аҳамиятли бўлган оқсилга эҳтиёж бўлмайди.

Сабзавотлар

Японлар тушлик ва кечки овқатни сабзавотларсиз тасаввур қила олмайди. Уларни барралигича тўғраб, майонез ва бошқа қўшимчалар қўшмасдан ейишни афзал билади.

Фақат барра маҳсулотлар

Япон халқи учун яроқлилик муддати деган тушунчанинг ўзи йўқ. Улар барра маҳсулотлардан тайёрланган таомларни ўша вақтнинг ўзида истеъмол қилади. Ҳафта давомида пишириб ейиш учун музлаткичда сақлаш ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлаверади. Умуман, япон таомномасида хом балиқ, сувга ивитилган гуруч ҳамда термик ишлов берилмаган сабзавотларни учратиш мумкин.

Нима учун японлар семирмайди?

Ширинлик

Японларнинг десерт ва ширинлик ҳақидаги тушунчаси бизникидан тамоман фарқ қилади. Бисквит, ёғли крем, қаймоқ, шоколадли торт ҳақида-ку умуман гап бўлиши мумкин эмас. Улар ҳатто музқаймоқни ҳам гуручдан тайёрланганини ейди. Умуман олганда, ширинликлари унчалик мазали бўлмаслиги мумкин, бироқ калорияси ва зарари анча кам бўлади.

Таомга бошқача ёндашув

Японларда «ибодат ошхонаси» деган тушунча бор. Роҳиблар томонидан саккиз юз йилдан кўпроқ вақт давомида риоя қилинган мазкур овқатланиш принципи Япониянинг аксарият аҳолиси орасида ҳали ҳам машҳур ҳисобланади.

Ушбу ёндашувга кўра, таом маънавий ўсишнинг асоси бўлиши керак. Шунга биноан айримлар гўшт емасдан, фақат ўсимликларидан тайёрланган таомни истеъмол қилади. Бу уларни семириб кетмаслигига ва ҳамиша ёш кўринишига ёрдам беради.